Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ипотека-банк” АТИБ акциядорининг имтиёзли ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисида
2021-07-13 | Иқтисодиёт
БИЛДИРИШ
“Ипотека-банк” АТИБ Кузатув кенгашининг 2021 йил 15 июндаги 29-сонли мажлис баёни билан тасдиқланган “Ипотека-банк” АТИБ акцияларининг қўшимча чиқарилиши тўғрисидаги қарори 2021 йил 12 июлда Р0775-20-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилганлигини маълум қиламиз.
Ушбу чиқарилиш доирасида эгасининг номи ёзилган, ҳужжатсиз шаклдаги номинал қиймати 1 сўм бўлган умумий қийматдаги 122’364’762’032 cўмлик 122’364’762’032 дона оддий акциялар жойлаштирилади. Акцияларнинг ҳар бир донаси учун сотиш нархи 1 сўм.
Акциядорлар қўшимча чиқарилган акциялардан ўзи эгалик қилаётган шу турдаги акциялар улушига мутаносиб равишда сотиб олишлари мумкин.
Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишнинг амал қилиш муддати ушбу билдириш оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб 10 кунни ташкил этади.
Имтиёзли ҳуқуқдан фойдаланишнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг, ушбу акциялар ёпиқ обуна орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига жойлаштирилади.
Банк акцияларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга акциядорлар рўйхати 2021 йил 15 июнь ҳолатига шакллантирилган банк акциядорлари реестри маълумотлари асосида тузилади.
Имтиёзли ҳуқуққа эга бўлган акциядор акцияларни олиши тўғрисида ўзининг исми-шарифи (номи) ва яшаш жойи (жойлашган ери), ўзи оладиган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг сони кўрсатилган ёзма шаклдаги аризани ва ҳақ тўлаганлик тўғрисидаги ҳужжатни банкка юбориш орқали ўз имтиёзли ҳуқуқини тўлиқ ёки қисман амалга оширишга ҳақли. Бундай ариза мазкур имтиёзли ҳуқуқнинг амал қилиш муддати ичида банкка тақдим этилиши керак.
Манба: ЎзА