Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон энергетика соҳасига “Masdar”нинг янги инвестициялари
2021-07-13 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 12 июль куни Тошкент шаҳрида Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан Самарқанд ва Жиззах вилоятларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ҳар бири 220 МВт қувватга эга 2 та қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига 300 миллион долларгача инвестициялар киритиш бўйича Инвестициявий битимларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, “Masdar” Бош директори Муҳаммад Жамил ал-Рамахий шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Саид Матар ал-Камзи иштирок этдилар.
2021 йилнинг май ойида “Masdar” Самарқанд ва Жиззах вилоятларида (Каттақўрғон ва Ғаллаорол туманларида мос равишда) иккита фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиби деб эълон қилинган эди. БАА компанияси Самарқанд вилоятидаги лойиҳа бўйича бир киловатт-соат 1,791 АҚШ центига, Жиззах вилоятида эса 1,823 АҚШ центига тенг бўлган тарифларни таклиф қилди.
Ушбу тарифлар қуёш фотоэлектрик станциялари ишлаб чиқарадиган электр энергияси учун жаҳондаги 10 энг паст нархлар рўйхатига кирди.
Юқоридаги иккита лойиҳа бўйича тендер савдоларида иштирок этишга 80 дан ортиқ етакчи халқаро компаниялар ўз қизиқишларини билдирдилар. Бу хорижий бизнес доираларининг мамлакат энергетика секторига инвестициялар киритишдан юқори манфаатдорлигини кўрсатади.
Тендер савдоларининг биринчи босқичидан 15та компания, жумладан, “ACWA Power” (Саудия Арабистони), “Total Eren” ва “Total Solar Intl” (Франция), “KEPCO”, “KIND” “Samsung C&T” "(Жанубий Корея), “Jinko Power”, “Powerchina Resources” ва “Risen Energy” (ХХР) каби етакчи халқаро компаниялар муваффақиятли ўтди. Шундан 7та компания Жиззах вилоятидаги лойиҳа ҳамда 6 та компания – Самарқанд вилоятидаги лойиҳа бўйича электр энергияси тарифлари юзасидан таклифларни киритиш учун танлаб олинди.
“Masdar” қуёш фотоэлектр станцияларини лойиҳалаш, молиялаштириш ва қуришни амалга оширади, шунингдек, улардан 25 йил давомида фойдаланади. 2021 йил охирида қурилиш ишларини бошлаш ҳамда 2023 йилда электростанцияларни ишга тушириш режалаштирилган.
Ушбу лойиҳалар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Ўзбекистонда умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш бўйича давлат-хусусий шериклик асосидаги тендер савдолари дастурининг бир қисмидир. Дастурни техник қўллаб-қувватлаш Халқаро молия корпорацияси (ХМК) томонидан амалга оширилмоқда.
Дастур Ўзбекистон Ҳукуматининг қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва уларнинг умумий ишлаб чиқариладиган қувватдаги улушини 2030 йилга бориб 25% га етказиш стратегиясининг асосий таркибий қисмларидан биридир.
Шунингдек, маросим чоғида “Masdar” ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўртасида электр энергиясини сотиб олиш бўйича тегишли Битимлар имзоланди. Уларга кўра, Ўзбекистон томони 25 йил давомида БАА ҳамкорларидан электр энергиясини кафолатланган тарзда сотиб олади.
Маълумот учун: “Masdar” – “Mubadala Investment Company” инвестициявий холдингнинг шўъба корхонаси ва дунёда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича етакчи халқаро компаниялардан бири ҳисобланади. Компаниянинг амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан 4000 МВтдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ўз ичига олади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги