Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг бешта шаҳрида Жанубий Корея билан ҳамкорликда корейс тилини ўрганиш марказлари очилади
2021-07-12 | Таълим
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси ходимлари Қирол Сежонг институти фонди (KSIF) президенти Канг Ҳён Хва билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларнинг бугунги ҳолатига юқори баҳо берилиб, истиқболда ушбу соҳани янада ривожлантиришда ҳамкорликда амалга оширилиши мумкин бўлган йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Корея Республикаси томонига сўнгги пайтларда Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишга ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани, аҳоли орасида чет тилини ўрганишни оммалаштириш ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда аҳоли орасида корейс тилини ўрганишга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, Қирол Сежонг институти фонди раҳбари билан истиқболда юртимизда корейс тили курсларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Канг Ҳён Хванинг айтишича, Қирол Сежонг институти фонди чет элликлар учун корейс тили ва маданиятини тарғиб қилувчи Корея Республикасидаги асосий муассасалардан бири ҳисобланиб, хорижий университетлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият олиб боради.
KSIF асосан корейс тилига ҳамда маданиятига талаб юқори бўлган минтақаларда Қирол Сежонг марказларини очади ва уларнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун узлуксиз кўмак беради. Бундан ташқари, янги очилган марказларни керакли молиявий маблағ билан таъминлайди, малакали ўқитувчилар танлаб олиб, ҳар бир марказга юборади. Бундан ташқари, корейс тили ва маданияти бўйича турли дарсликлар ишлаб чиқади.
Ҳозирда дунёнинг 82 давлатида 234 Қирол Сежонг маркази мавжуд. Ўзбекистонда ҳам иккита Қирол Сежонг маркази фаолият кўрсатмоқда.
Учрашувда Ўзбекистонда корейс тили курслари сонини кўпайтиришга келишиб олинди.
Жумладан, KSIF томонидан Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Наманган ва Денов шаҳарларида корейс тилини ўргатувчи марказлар очилади. Ушбу марказлар фаолияти Фонд томонидан тўлиқ молиялаштирилиб, барча керакли адабиёт ва техник жиҳозлар билан таъминланади. Тил курсларида ишлаш учун Жанубий кореялик малакали мутахассислар Ўзбекистонга юборилади.
KSIF раҳбари фонд шу пайтгача бирор давлатда корейс тилини ўрганиш бўйича 5 та тил маркази очмаганини билдирди. Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар, шунингдек, мамлакатда корейс тилини ўрганишга бўлган қизиқиш эътиборга олиниб, ушбу қарор қабул қилинган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги