Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва ЕИ кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилиб олди
2021-07-09 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзаков видеоконференцалоқа орқали Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан музокаралар ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон билан ЕИ ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда Марказий Осиё давлатларининг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Европа томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни эътироф этди. Брюссель икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида аҳамият бераётгани таъкидланди.
Европа томони Ўзбекистон ЕИ “GSP+” умумий преференциялар тизими афзалликларидан самарали фойдаланишига, шу жумладан, бизнес вакилларининг Европа Иттифоқи томонидан тақдим этилган тариф имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа бозорларига Ўзбекистон маҳсулотлари экспортини кўпайтириш истиқболлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган қўшма тадбирлар орқали ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Жорий йилнинг 28 – 30 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган музокараларнинг 8-раундида Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲБ) лойиҳасини тасдиқлаш юзасидан эришилган ютуқлар алоҳида қайд этилди. Ҳужжатнинг қолган бир қатор бўлимлари бўйича мавжуд масалаларни келишиш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида ЕИ билан ҳамкорлиги самарадорлиги таъкидланди. Яқин келажакда товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича икки томонлама музокаралар ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Европа томони Ўзбекистонга зарур материалларни тайёрлаш, тадқиқотлар ўтказиш, тегишли соҳаларда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, ЖСТга аъзо бўлиш жараёнлари билан боғлиқ ўзбек экспертларининг малакасини оширишда техник ёрдам кўрсатишни янада кучайтиришини билдирди.
Шунингдек, бугунги кунда ишлаб чиқилаётган 2021 ‒ 2027 йилларда Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг кўп йиллик индикатив дастури доирасида молиявий-техник соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шу каби дастур доирасида 2014 ‒ 2020 йилларда 18 та устувор лойиҳани амалга ошириш учун 168 млн евро грант маблағлари ажратилгани таъкидланди.
Музокаралар якунида барча йўналишлар бўйича фаол ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувига эришилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги