Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Исроил инновациялар ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилмоқда
2021-07-08 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва Исроилнинг собиқ фан ва технологиялар вазири Изхор Шай ўртасида онлайн-музокаралар ташкил этилди
Мулоқот чоғида Исроил томони Ўзбекистонда илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият инфратизимини ривожлантириш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Экотизим стартап-лойиҳаларини ишлаб чиқишни мақсадли қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, хорижий инвесторлар иштирокида махсус ихтисослашган лабораториялар, юқори технологик марказлар, технопаркларни яратиш манзилли қўллаб-қувватланаётгани ва рағбатлантирилаётгани таъкидланди.
Изхор Шай Ўзбекистоннинг инновацион сиёсат бўйича кенг қамровли ислоҳотларини юқори баҳолади, Исроилда ушбу соҳани ривожлантириш бўйича тўпланган тажриба ҳақида сўзлаб берди.
Бундан ташқари, суҳбат давомида Исроил тажрибасини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантириш, шу жумладан хорижий инвесторларга қулай шароит яратишнинг долзарб масалалари ҳақида сўз юритилди.
Изхор Шай икки мамлакат компаниялари ўртасида инновацион лойиҳалар ва юқори технологиялар соҳасидаги тижорат алоқаларини ривожлантиришга кўмак беришга тайёрлигини таъкидлади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги