Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон делегацияси БМТ Бош котиби ўринбосари билан учрашди
2021-07-08 | Сиёсат
Женевада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси билан БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссарининг ўринбосари Жилиан Триггс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳамкорлигининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Мулоқот иштирокчилари Ўзбекистон билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Ушбу ҳамкорлик алоқалари ўзаро ишонч ва том маънодаги шерикликка асосланган. Кейинги йилларда БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси билан ўзаро муносабатлар айниқса фаоллашди. Хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси томонидан 2021 йил бўйича Қўшма иш режаси ишлаб чиқилди ва ушбу режа муваффақият билан бажарилмоқда. Мазкур ҳужжат доирасида биргаликда миллий ва минтақавий миқёсда семинар ва ўқув тренинглари ўтказилди. Шунингдек, фуқаросизлик ва қочоқлар масалаларига оид халқаро норматив-ҳуқуқий амалиётни миллий ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш бўйича ўқитувчилар учун модуллар ишлаб чиқилди.
Жилиан Триггс учрашув асносида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда фуқаросизликни камайтириш соҳасида муҳим натижаларга эришилганини эътироф этди. Бундан ташқари, у БМТ Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси Тошкентга фуқаросизлик билан боғлиқ масалаларни, хусусан, БМТнинг 1961 йилги тегишли Конвенциясининг ратификация қилиниши орқали ҳал этишда амалий кўмак беришга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли бир қанча масалалар бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш тўғрисида келишиб олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.
Манба: ЎзА