Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олтин медал билан янги ҳаёт сари
2021-07-06 | Ёшлар
Ўқувчилик йиллари ҳар инсоннинг ҳаётида унутилмас лаҳзалари, хотиралари ва доим юзда самимий табассум билан эслагулик саргузаштлари билан ажралиб туради. Шу билан биргаликда умр бекатининг энг қувноқ ва қайноқ бу даври ҳаёт йўлларимизни танлаб олишимиз, пухта билим эгаллашамиз учун муҳим босқич ҳам саналади.
Қашқадарё вилоятидаги умумтаълим мактабларини намунали хулқ ва аъло баҳоларга тамомлаган битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар топшириш маросимлари юқоридаги фикрмизнинг яққол исботидир.
Хусусан, 2020-2021 ўқув йилида Муборак тумани халқ таълими бўлимига қарашли 32 та умумтаълим мактабининг 11 синфини 1 минг 181 нафар ўқувчи битириб, мустақил ҳаётга йўлланма олди. Улардан 8 нафари олтин ва 17 нафари кумуш медалларга сазовор бўлди.
Тумандаги 1 сонли мактабнинг 11 синф ўқувчиси Шоҳжаҳон Омонов ҳам мактабни аъло баҳоларда тамомлаб, олтин медал билан тақдирланди. У эндигина мактабни тамомлаган бўлишига қарамасдан Сингапур институтининг иккинчи босқичида таҳсил олмоқда. Унинг бу каби ютуқларидан отаси Аъзам Ҳудойбердиевнинг қувончи чексиз.
– Ҳар қандай ота-она учун фарзандининг ютуғини кўришдан ортиқроқ бахт бўлмаса керак, – дейди А.Худойбердиев. – Ўғлимнинг эришган ютуқларидан қалбимда фахр туйғуси жўш урмоқда. Бунинг учун унинг устозларига кўпдан-кўп миннатдорлик билдираман. Ўғлим келажакда комил инсон бўлиб, жамиятимизга фидойилик билан хизмат қилишини тилаб қоламан.
Туман марказидаги маданият саройида бўлиб ўтган тадбирда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлган ёш авлодни тарбиялаб камолга етказишда муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Байрамона руҳда ташкил этилган тадбир қалбида шижоат, юзида эртанги кунга ишонч порлаб турган ёшлар ва уларнинг устозлари, ота-оналарини янада руҳлантирди.
Манба: ЎзА