Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонда ҳудуд ва тармоқларни рақамли ўзгартириш бўйича 1627 та лойиҳа амалга оширилади
2021-06-30 | Сиёсат
Тошкентда Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича МДҲ экспертлари форуми бўлиб ўтди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ташкил этилди.
Ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишланган тадбир гибрид форматда ўтказилиб, унда Ҳамдўстлик мамлакатларининг 60 дан зиёд етакчи экспертлари ва таҳлилий марказларининг вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда ахборот хавфсизлиги соҳасидаги сўнгги тенденциялар, ноқонуний ҳаракатларга қарши курашишнинг самарали усуллари, киберҳужумларга қарши профилактик чоралар муҳокама қилинди. Келгуси уч йил давомида Ўзбекистонда ҳудуд ва тармоқларни рақамли ўзгартириш бўйича 1627 та лойиҳа амалга оширилиши маълум қилинди.
Қайд этилишича, тезкор рақамлаштириш шароитида ахборот хавфсизлиги, молия, кредит ва банк соҳаларида кибержиноятлар сони кўпайиб бормоқда. Бу давлатларнинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таъсир қилиши мумкин. Фирибгарликлар натижасида шахсга оид маълумотларни ноқонуний йиғиш ва улардан фойдаланиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий тамойиллари, шу жумладан, шахсий ҳаёти дахлсизлиги бузилмоқда.
МДҲга аъзо давлатлар миллий даражада ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
“Жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқалари тўғрисидаги битим”, “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш стратегияси”, “Ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги тўғрисида”ги давлатлараро ҳамкорликнинг мақсадлари ва тамойилларини белгилайдиган қатор тармоқ ҳужжатлари қабул қилинди.
– Ахборот хавфсизлиги ва АКТ соҳасидаги жиноятчиликка қарши кураш, рақамли иқтисодиёт ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича хорижликлар билан ҳамкорликни давом эттириш асосий йўналишимиз бўлиб қолмоқда. Кибертаҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор технологияларни мамлакатимизга олиб келишга ҳаракат қиляпмиз, – деди Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари Темур Аҳмедов.
Таъкидландики, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ, телекоммуникация, коммунал хизматлар, иқтисодиётнинг реал сектори, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқаларга рақамли технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ узоқ муддатли масалалар ҳал қилинмоқда.
2020-2022 йилларда бутун мамлакат бўйлаб аҳоли пунктларини интернет билан қамраб олиш даражасини ошириш, хусусан, кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллион донага етказиш, 20 минг километр оптик-толали кабелларни ётқизиш режалаштирилган.
– Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилмоқда. МДҲ давлатлари доирасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва хавфсизлик масалаларига бағишланган тадбирлар ўзаро ҳамкорлигимиз ифодасидир. Ахборот хавфсизлигини тўғри ислоҳ қилишда битта давлатнинг саъй-ҳаракатлари етмайди.
Шу боис, хорижий мутахассислар тажрибаси муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,2 фоизни ташкил этмоқда. Рақамли иқтисодиётнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2023 йилга қадар икки баробарга, электрон ҳукумат хизматлари улушини эса 2022 йилга келиб 60 фоизгача ошириш режалаштирилган, – деди Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев.
Иштирокчилар Ҳамдўстлик давлатлари ҳукуматлари учун инновацион ривожланиш стратегиясини, шу жумладан, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, рақамли иқтисодиёт, шунингдек, ушбу соҳада ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш бўйича амалий таклифларни ўз ичига олган якуний ҳужжатни қабул қилдилар.
Манба: ЎзА