Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Туркия Республикаси билан Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
2021-06-29 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 28 июнь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятига старт берувчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай раислигида бўлиб ўтган мазкур йиғилишда Ўзбекистонда инвестиция фаолияти билан шуғулланувчи етакчи турк компаниялари, шунингдек, республиканинг вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашув чоғида олий даражадаги ташрифлар билан алмашиш натижасида сўнгги 4 йил мобайнида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани ва ҳозирда юқори динамика билан ривожланаётгани таъкидланди.
Ҳукумат даражасида ҳам, хусусий сектор ўртасида ҳам тезкор алоқалар йўлга қўйилганлиги икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кенгайтириш имконини берди. Шундай қилиб, ўтган тўрт йил давомида Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, бугунги кунда у 1700 дан ортиқни ташкил этмоқда. Бу эса Туркияга жорий йилнинг январь-май ойларида очилган янги қўшма корхоналар сони бўйича хорижий давлатлар орасида етакчи ўринни эгаллаш имконини берди.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилишида таъкидланганидек, Ўзбекистон Давлат раҳбари ва Ҳукумати томонидан иқтисодиётнинг бозор тамойилларини барқарор ривожлантириш ва хорижий инвесторлар учун энг қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қулай географик жойлашуви, бой ресурс базаси, сиғимли ички ва ташқи бозорлар билан биргаликда бу Ўзбекистонни минтақада инвестициялар киритиш учун энг жозибадор мамлакатлардан бирига айлантирмоқда.
Учрашув иштирокчиларига мурожаат қилар экан, икки мамлакат делегациялари раҳбарлари Ўзбекистон ва Туркия иқтисодиётининг рақобат устунликлари ва бир-бирини тўлдириши асосида саноат кооперациясини ривожлантириш учун муҳим салоҳият мавжудлигини таъкидладилар. Улар турк бизнеси вакилларини янги кенг кўламли лойиҳаларни амалга ошириш орқали Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқлари салоҳиятидан фаол фойдаланишга, ўзбек тадбиркорлари билан бизнес алоқаларини мустаҳкамлашга чақирди.
Тадбир давомида томонлар инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, юқори қўшимча қийматга эга экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган юқори технологик тармоқларни яратишга ҳам ўзаро қизиқиш билдирдилар.
Йиғилишда сўзга чиққан турк тадбиркорлари Ўзбекистонда бизнес юритиш тажрибаси, келажакдаги режалари билан ўртоқлашдилар, шунингдек, мавжуд масалаларни тилга олдилар.
Учрашув якунида солиқ ва божхона фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги инвестициявий муҳит ва қонунчиликни янада такомиллаштириш орқали Ўзбекистонда турк бизнесининг инвестициявий фаоллигини рағбатлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларини илгари суриш ва турк инвесторларининг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш платформаси сифатида яратилган. Унинг раиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковдир.
Кенгашнинг асосий вазифалари турк тадбиркорлари ва инвесторлари ҳамда Ўзбекистон давлат органлари ўртасида бевосита мулоқот ўрнатиш, инвестициявий таклифларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўлларини ҳар томонлама таҳлил қилиш, шунингдек, мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишдан иборат. Кенгаш йиғилишлари ҳар чоракда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги