Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича МДҲ халқаро эксперт форуми бошланди
2021-06-29 | МДҲ
Бугун Тошкентда Ахборот хавфсизлиги бўйича МДҲ халқаро эксперт форуми ўз ишини бошлади.
Форум Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида ўтказилмоқда.
Халқаро анжуманда МДҲ давлатларидан 50 дан зиёд эксперт, халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлилий марказларининг вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этади. Гибрид форматда ўтказиладиган тадбирда хорижий иштирокчилар онлайн шаклда қатнашади.
Ушбу форумни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик давлат раҳбарларининг 2019 ва 2020 йиллардаги саммитларида илгари сурилган эди.
Тадбир кун тартибида қуйидаги халқаро ҳамкорликка оид муҳим масалалар муҳокамаси ўрин олган:
- рақамли иқтисодиётни ривожлантириш шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
- ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга қарши курашиш;
- ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни тергов қилиш;
- ахборот муҳитида инсон ҳуқуқ ва еркинликларини ҳимоя қилиш.
Форум якунида Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича халқаро МДҲ эксперт форумининг якуний ҳужжати қабул қилиниши кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат Ҳамдўстлик доирасида ахборот хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги