Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тожикистон делегациясининг ташрифи якунлари бўйича "йўл харитаси" тайёрланди ва ҳамкорликнинг йўналишлари белгиланди
2021-06-28 | Иқтисодиёт
Тожикистон Республикаси Сўғд вилояти делегациясининг Ўзбекистонга расмий ташрифи “йўл харитаси” бўйича эришилган дастлабки келишув билан якунланди.
Йўл харитаси”лойиҳасида кўрсатилган бандлар Тожикистон томонидан — Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода ва Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, мамлакатимиз томонидан — ЎзР қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва Тошкент вилояти ҳокими Даврон Хидоятов иштирокида ўтказилган якуний расмий учрашув чоғида кўриб чиқилди.
Сўғд вилоятининг ер ва тупроқ ҳолатини, ишлаб чиқариш салоҳиятини ўрганиш асосида ҳужжатни батафсил ишлаб чиқиб, якунига етказиш ҳамда тўқимачилик, ипакчилик, шоличилик, мева-сабзавотчилик ва бошқа ишлаб чиқариш ҳамдақайта ишлаш кластерлари ва корхоналарини яратиш бўйича мамлакатимиз тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш сингари бир қатор йўналишлардаги ҳамкорлик юзасидан аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида яқин кунларда Ўзбекистон делегацияси Тожикистонга жавоб ташрифини уюштиради.
Эслатиб ўтамиз, 24-25 июнь кунлари Тожикистон делегациясининг юртимизга ташрифи ва аграр соҳа объектлари бўйлаб танишув тури, 2021 йил 10-11 июнь кунлари Тожикистонга олий даражадаги ташриф натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент вилояти ҳокимлиги кўмаги остида ташкил этилди. Сўғд вилояти раиси бошчилигидаги делегацияси таркибига Тожикистоннинг Хўжанд, Гулистон, Спитамен ва Зафаробод туманлари раҳбарлари, шунингдек, йирик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхоналари ва компаниялари бошлиқлари кирди.
Икки кун давомида 30 кишилик Тожикистон делегацияси Тошкент вилоятидаги бир неча агро-объектларда бўлди ва уларнинг фаолиятини ўрганди. Қишлоқ хўжалигида билим, инновациялар ва хизматлар маркази AKIS, шолини етишитириш ва чуқур қайта ишлаш бўйича тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга ТСТ Rice шоличилик кластери, мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қуритиш бўйича TNA Agro Invest корхонаси, Uzumfermer вино ишлаб чиқариш корхонаси, UzTex корхонаси, янги мева-сабзавотларни етиштириш ҳамда янги, қуритилган ва музлатилган маҳсулотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича корхоналарга эга тўлиқ циклли мажмуа Gold Dried Fruits агрохолдинги шулар жумласидандир. Шунингдек меҳмонлар пахтани қайта ишлаш ва тўқимачилик ишлаб чиқариш бўйича Real Agro Cottonкластери ҳамда тут ипак қурти уруғлари ишлаб чиқариш бўйича 8 та хўжалик, пиллани қайта ишлаш ва ипак матолар ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 46 та хўжалик, тут дарахти уруғликлари ва кўчатлари ишлаб чиқариш бўйича 22 та хўжаликни бирлаштирган «Ўзбекипаксаноат» уюшмасида бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги