Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди
2021-06-28 | Иқтисодиёт
25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти Раиси Р.Ахмадзодани қабул қилди.
Музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ўзбек-тожик ҳамкорлигига оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудлараро муносабатлар ва ҳамкорлик йўналишларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Қайд этилишича, жорий йилнинг июнь ойида Тожикистонга олий даражадаги ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон вилоятлари маъмуриятлари ўртасида умумий қиймати қарийб 100 миллион долларлик 30 қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ва 300 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 250 дан ортиқ савдо шартномалари имзоланди.
Томонлар икки давлат ҳудудлари ўртасида инвестициявий, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича биргаликда иш олиб боришга тайёрлигини ҳамда келишилган лойиҳаларни амалга ошириш ва илгари суриш борасида фаол ҳамкорлик қилишга содиқлигини билдирди.
Агросаноат соҳасида инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтиришга ўзаро тайёрлик билдирилди - аниқ инвестиция таклифлари кўриб чиқилди, улар устида ишлаш ва амалга ошириш бўйича кейинги саъй-ҳаракатлар режалаштирилди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. Жумладан, мева-сабзавот маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ўзаро етказиб беришнинг муҳим салоҳияти қайд этилди. Мева-сабзавотларнинг элита навларини етиштиришга мўлжалланган томчилатиб суғориш тизимига эга замонавий иссиқхоналар ва интенсив боғлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар алоҳида таъкидланди.
Мулоқот чоғида Тожикистон делегацияси раҳбари Тожикистонда кластер ёндашуви асосида тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини жорий этишга қизиқиш юқорилигини қайд этди. Юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини яратишни назарда тутган ҳолда етакчи ўзбек тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатишга тайёрлик билдирилди.
Ипакчилик ва чарм-пойабзал соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар яқин келажакда Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти тадбиркорлари иштирокида Тожикистоннинг Суғд вилоятида ипакни қайта ишлаш заводларини ташкил этиш ва чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича аниқ таклифларни шакллантиришга келишиб олдилар.
Уруғчилик, пахтачилик, чорвачилик, узумчилик ва бошқа соҳалардаги илмий ишланмаларни ўзаро алмашиш ва жорий этиш мақсадида Ўзбекистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги таълим ва илмий муассасалари ўртасида бевосита ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликнинг муҳокама қилинган йўналишларини илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирларни баён этдилар. Яқин вақтларда янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиб, келишилгани билан уларни амалга ошириш бўйича тегишли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги