Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон ТТДҲК билан самарали ва кўп қиррали ҳамкорлик қилишни мўлжалламоқда
2021-06-28 | Иқтисодиёт
25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши Бош котиби Б.Амреев билан учрашув ўтказди
Томонлар икки тарафлама ҳамкорликнинг асосий йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар ва устувор йўналишлар бўйича муносабатларни янада кучайтириш борасидаги қадамларни муҳокама қилдилар.
ТТДҲК Котибиятининг Ўзбекистон ташаббусларининг амалий ижросини таъминлашда салмоқли ҳиссаси ва муштарак манфаатли вазифаларни ҳал этишдаги конструктив ёндашуви алоҳида таъкидланди.
ТТДҲК фаолиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида амалий ҳамкорлик тўғрисида келишувга эришилди. Жумладан, Ўзбекистон томони “Турк дунёси истиқболларининг кўриниши – 2040” ва “Туркистон Кенгашининг 2020-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси” каби бир қатор концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришда фаол иштирок этади.
Томонлар Қўқон шаҳрида Туркий Кенгаш мамлакатларининг туризм масалалари вазирларининг учрашуви муваффақиятли ўтказилганлигини қайд этдилар. Учрашув натижаларидан бири Ўзбекистоннинг “Замонавий Ипак йўли” дастурига қўшилгани бўлди.
Маълумот учун: “Замонавий Ипак Йўли” лойиҳаси 2018 йилда Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар туризм масалалари вазирларининг Остонадаги йиғилишида ташкил топган. Лойиҳанинг асосий мақсади барча ТТДҲК мамлакатларини қамраб оладиган қўшма туристик хизматларини ривожлантириш ва илгари суришга мўлжалланган платформа яратишдир.
ТТДҲК билан инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан вазифаларига ТТДҲКга аъзо мамлакатлардаги лойиҳаларни молиялаштириш кирадиган Қўшма инвестиция ва интеграция жамғармасини ташкил этиш бўйича биргаликда иш олиб боришнинг имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, томонлар ТТДҲК мамлакатлари ҳудудларидан ўтувчи транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва транспорт-логистика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишни назарда тутган ҳолда транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик қилиш йўлларини кўриб чиқдилар.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар ва спорт ишлари масалалари вазирлари, Қишлоқ хўжалиги вазирларининг йиғилиши, Ёш тадбиркорлар форуми ва Туркий Агрофорум каби қатор икки томонлама тадбирларга тайёргарлик кўришда кейинги қадамлар белгиланди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар эришилган келишувлар ва илгари сурилаётган ташаббусларни амалга ошириш бўйича навбатдаги тадбирларни режалаштириб олдилар, шунингдек, Ўзбекистон ва ТТДҲК ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Маълумот учун: ТТДҲК бир қатор туркий мамлакатларни бирлаштирувчи халқаро ташкилотдир. Ташкилот 2009 йил 3 октябрда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия ўртасида имзоланган Нахичеван битими асосида ташкил этилган. Ташкилотнинг Бош котибияти Истанбул шаҳри (Туркия)да жойлашган. Ўзбекистон ТТДҲКга 2019 йил 14 сентябрда аъзо бўлди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги