Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Франция тараққиёт агентлигининг операциялар бўйича Ижрочи директори Жан-Пьер Марcелли билан музокаралар ўтказилди
2021-06-26 | Иқтисодиёт
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Ш.Вафаев Франция тараққиёт агентлигининг операциялар бўйича Ижрочи директори Ж.Марселли бошчилигидаги делегация билан ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида музокаралар ўтказди.
Ж.Марcелли Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди, шунингдек, ФТАнинг Ўзбекистонда иқтисодий ўзгаришлар жараёнларига молиявий, инвестициявий ва маслаҳат ёрдамини кенгайтиришда давом этишга тайёрлигини билдирди.
Томонлар қўшма инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини батафсил муҳокама қилдилар, шунингдек, Ўзбекистон билан 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурининг имзоланишини мамнуният билан қайд этдилар. Дастур умумий қиймати 1,2 миллиард евродан ортиқ бўлган 12 та янги лойиҳани молиялаштиришни назарда тутади.
Музокаралар чоғида уй-жой коммунал хўжалиги, экология, автомобиль йўллари ва хусусий сектор соҳаларидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муштарак мақсадларни белгилаб олдилар.
Учрашув якунлари бўйича яқин келажакда ФТА билан “Чорвачилик соҳасига инклюзив ва иқлимий инвестициялар” лойиҳасини молиялаштириш бўйича кредит шартномасини имзолаш тўғрисида келишувга эришилди. Лойиҳа учун узоқ муддатли ва имтиёзли шартларда Франциянинг 100 млн евро миқдоридаги маблағлари жалб этилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги