Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев: Келажакни ҳисобга олиб, ҳали кўп жойда кўприклар қурамиз
2021-06-25 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, корхоналар фаолияти билан танишмоқда.
Бундан бир йил олдин давлатимиз раҳбари Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Ўтган йили 26 декабрь куни ушбу йўлнинг муҳим қисми бўлган Қипчоқ кўчасидаги кўприк очилди. Бугунги кунда ушбу кўприкдан Чўпонота кўчасигача янги йўл ва йўл ўтказгичлар барпо этилмоқда.
Кичик ҳалқа йўли ва Салар канали устида қурилаётган кўприкнинг узунлиги 788 метр, чиқиш-тушиш қисми билан ҳисоблаганда 950 метр бўлади.
Давлатимиз раҳбари ушбу кўприкни бориб кўрди.
Ўзига хос муҳандислик ечимига эга бу иншоот монолит услубида, бетон аралашмаси ичидаги темир тўқималарни таранг тортиш технологияси асосида бунёд этилмоқда. Бу хавфсиз бўлиши билан бирга қуриш учун жуда қулай. Хусусан, бу ердаги ишлар ҳам Кичик ҳалқа йўли ва темир йўлдаги қатновни тўхтатмаган ҳолда давом эттирилмоқда.
- Бу арзон, мустаҳкам, халқимизга ҳам маъқул технология. Келажакни ҳисобга олиб, ҳали кўп жойда кўприклар қурамиз. Шунинг учун мутахассислар ва талабаларни бу ерга олиб келиб, жараённи кўрсатиш, замонавий технологияларни ўргатиш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.
Ушбу кўприкдан Қипчоқ кўчасигача 6 километр йўл қурилмоқда. Тошкент ҳалқа автомобиль йўли билан кесишган жойда туннель бўлади. Шу тариқа, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Чўпонота кўчаси ва Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси самарали боғланади.
Ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланмоқда. Шу боис унда қатнов жуда кўп, тирбандлик катта.
6 қаторли янги кўприк ва йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қуватига эга бўлади. Натижада Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, ҳаракат вақти 20-25 дақиқага камаяди.
Йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар ўрнатилади. Бўш майдонларда “яшил ҳудудлар” барпо этилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилади.
Шу ерда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Янги Ўзбекистон кўчасида йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти