Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тошкентда “Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро ҳамкорлиги” семинари бўлиб ўтди

2021-06-25 | Иқтисодиёт

24 июнь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан биргаликда “Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида Ўзбекистон ва ЕИ ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида семинар ўтказилди.

Семинар маҳаллий тадбиркорлар ва экспортчиларнинг “GSP+” тизими имтиёзларининг афзалликлари ва Европа Иттифоқи мамлакатларига товарларни экспорт қилишда уларни самарали қўллаш механизмлари ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир “гибрид” шаклда ўтказилди: вазирлик ва идоралар, Европа Иттифоқи мамлакатларининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари, маҳаллий экспортчилари бевосита, Европа комиссияси экспертлари эса видеоконференция орқали иштирок этдилар.

Маълумки, 2021 йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг (ЕИ) барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус имтиёзлар тизими (“GSP+”) кучга кирди. Мамлакатимиз ушбу тизимга Преференциялар бош тизими доирасида бенефициар мамлакат сифатида қабул қилинган эди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи мамлакатларига географик жиҳатдан нисбатан яқинлигига қарамай, ўзаро савдо салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган бўлиб қолмоқда.

“GSP+” тизими Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида савдо ҳажмини ошириш учун қўшимча имкониятларни таклиф этади. Жумладан, 6 200 турдаги маҳсулотларни, хусусан, мато, кийим-кечак, пластмасса, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қурилиш материаллари, сопол маҳсулотлари ва бошқа экспорт қилинадиган маҳсулотлар турларини етказиб беришда ўзбек экспортчилари учун божлар бекор қилинади.

Шу ўринда Ўзбекистоннинг “GSP+” тизими бенефициари мақомига эга бўлиши ЕИ билан савдо қилиш борасидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг Европа мамлакатлари бозорларига чиқишига кўмаклашишда муҳим қадам ҳисобланади. Шу билан бирга, бу инқироздан кейинги даврда иқтисодий фаолликни тиклаш жараёнида Ўзбекистон учун айниқса муҳим бўлган тадбиркорликни ривожлантириш ва мамлакат иқтисодиётига инвестициялар жалб этишга сезиларли туртки беради.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков видеоконференция шаклида иштирок этди. У ўз нутқида Ўзбекистонга “GSP+” бенефициар мақоми берилиши Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатларини диверсификация қилиш ва ривожлантиришга улкан ҳисса қўшишини, берилган имтиёзлар Ўзбекистоннинг барқарор ўсиши ва иқтисодий ривожланишини таъминлашда самарали восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳукумат томонидан “GSP+” тизими имтиёзларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ва унинг бенефициар мақомини қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланганлиги билдирилди. Режа халқаро конвенцияларни самарали жорий этиш ва халқаро ташкилотлар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти қўмиталари олдида мажбуриятларининг бажарилишини, Европа Иттифоқи билан яқин ҳамкорликда мажбуриятлар ижросининг мониторинги олиб борилишини, шунингдек, Европа Иттифоқи билан иқтисодиётнинг турли тармоқларида экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молия-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар рўйхатини ўз ичига олади. Ушбу чоралар қаторига, шунингдек, маҳсулот сифати Европа Иттифоқи талабларига жавоб бериши учун ишлаб чиқариш жараёнларига Европа стандартлари ва қоидаларини жорий этиш, Европа бозорига ўзбек маҳсулотларини олиб чиқиш маркетинг воситаларини ишлаб чиқиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи янги саноат қувватларини яратишга Европа инвесторларини жалб қилиш чора-тадбирларини ўз ичига олади.

Шунингдек, ялпи мажлисда Европа комиссиясининг Ижрочи вице-раиси ва Европа Иттифоқи савдо комиссари В.Домбровскис видеоконференция орқали мурожаат қилди ва Ўзбекистоннинг бенефициар мақомини олиши ўзбек корхоналари ва ишлаб чиқарувчиларига рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш, корхоналарни диверсификация қилиш ҳамда қўшилган қийматни оширишга инвестициялар киритиш учун кучли рағбат бўлиб хизмат қилади ва натижада даромаднинг сезиларли ўсишига олиб келишини таъкидлади.

“GSP” тизимининг стандарт преференциялари қўлланилганда ЕИга олиб кирилаётган ўзбек товарларининг умумий қиймати 108 миллион еврони ташкил этган эди. Бунда, импорт қилувчилар пасайтирилган тарифлардан фойдаланиб, қарийб 2,5 миллион евро тежашган эди. “GSP+” преференциялари қўлланилганда бу кўрсаткич қарийб уч баробар кўп бўлиши мумкин эди, деб таъкидлади у ўз чиқишида.

Тадбирни ўтказишда амалий ёндашувдан фойдаланилди-иштирокчиларга “GSP+” тизимининг Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришга қандай ҳисса қўшиши ва “GSP+” бенефициар мақоми қандай иқтисодий афзалликларга эга эканлиги ҳақида аниқ ҳолатлар мисолида тақдимотлар шаклида маълумот берилди. Риоя қилиниши экспортчиларга тизимнинг афзалликларидан тўлиқ фойдаланиш имконини берувчи амалдаги “GSP+” қоидалари ҳақида қўшимча маълумот берилди.

Семинар иқтисодиётнинг турли соҳаларидан келган кенг доирадаги маърузачилар ва иштирокчилар учун платформа бўлиб хизмат қилди ва Европа Иттифоқи ва Ўзбекистондан манфаатдор томонлар ўртасида мулоқот ва горизонтал ахборот алмашинувини йўлга қўйишга асос бўлиб хизмат қилди.

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўналишлари ва меҳнат стандартлари соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.

Семинар якунида савол-жавоб сессияси ташкил этилиб, унда иштирокчилар томонидан “GSP+” преференцияларини қўллашдаги долзарб масалалар, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларига маҳсулотлар экспорт қилишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги

Поделиться