Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Кореянинг Кванжу шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Умид» маркази очилди
2021-06-24 | Сиёсат
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг Жанубий Кореяга ташрифи давомида Кванжу шаҳрида Ўзбекистон фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Умид» марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди
Тадбирда Ўзбекистон делегацияси раҳбари, Корея Республикасининг қатор расмий идоралари вакиллари, жумладан, «Жанубий Корея-Ўзбекистон» бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, Кванжу шаҳри Квансан-гу тумани ҳокими, «Rotary» халқаро ташкилотининг 3710-округи губернатори, Кванжу университети раҳбарияти ва бошқалар иштирок этди.
Таъкидланишича, бугунги кунда Кванжу шаҳрида 4 минг 500 нафардан зиёд ўзбекистонлик ватандош турли соҳаларда фаолият олиб боради. Янги ташкил этилган «Умид» марказининг асосий вазифаси эса турли шароитлар сабабли қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларимизга яқиндан кўмак кўрсатишдан иборат.
Бундан ташқари, марказнинг янги таъмирдан чиққан 4 хонали турар-жойи ватандошларимиз учун вақтинчалик бошпана вазифасини ҳам ўтайди.
Марказ Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан замонавий техника воситалари, мебель ва керакли ускуналар билан жиҳозланиши кўзда тутилган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги