Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон – ЕОТБ: яқинлашиш сари яна бир қадам
2021-06-24 | Иқтисодиёт
Москва шаҳрида бўлиб туриши вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Евроосиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Н.Подгузов билан учрашув ўтказди.
Учрашув чоғида Банк ресурсларини Ўзбекистонда инвестициявий фаолиятни кучайтиришга жалб этиш мақсадида у билан ҳамкорликни кенгайтиришга оид жорий масалалар ва истиқболлар муҳокама қилинди.
Томонлар Банк тарафидан молиялаштириш учун энг истиқболли инвестиция лойиҳаларини ўрганишга ва тегишли тайёргарлик ишларини биргаликда олиб боришга келишиб олдилар. Шунингдек, гидроэнергетика, инфратузилмавий қурилиш ва транспорт соҳаларида минтақавий аҳамиятга молик йирик лойиҳаларни амалга оширишда ЕОТБ иштирокининг истиқболлари муҳокама қилинди.
Бу йўналишларда амалий ишларни ташкил этиш учун томонлар жорий йил охиригача Ўзбекистонда ЕОТБ ваколатхонасини очиш имкониятини кўриб чиқадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги