Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хомашё етиштиришдан – экспортгача
2021-06-23 | Иқтисодиёт
Мамлакатимизда ипак толасини қайта ишлаш ва уни экспорт қилиш, тармоқдан келадиган даромадни янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Ипакни қайта ишлашга ихтисослашган янги-янги қувватлар ишга туширилаётир. Ўтган йили ана шундай йирик лойиҳалардан бири Шаҳрисабз туманида рўёбга чиқарилди.
Лойиҳа доирасида “Shakhrisabz silk production” масъулияти чекланган жамияти томонидан Шаҳрисабз туманининг Янгиқишлоқ маҳалласида умумий қиймати 62 миллиард сўмни ташкил этадиган йирик пиллачилик кластери барпо этилди.
10 миллиард сўм тадбиркорнинг ўз маблағи ҳамда 52 миллиард сўмлик банк кредити ҳисобига шакллантирилган сармоя эвазига бу ерда ипакни қайта ишлашга мўлжалланган йирик мажмуа қурилиб, хомашёни саралаш ва бир неча босқичда қайта ишлаш имконини берадиган замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди.
Айни пайтда корхона тўлиқ кластер тизимида иш юритмоқда. Хомашё етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган барча жараёнлар жамиятнинг ўзида амалга оширилади.
Ҳозирги кунда жамият тасарруфидаги хомашё етиштириш ва ишлаб чиқариш тармоқларида умумий ҳисобда 170 дан ортиқ киши иш билан банд. Келгусида бошқа қувватлар ҳам ишга туширилгач, 400 киши доимий, 850 киши эса мавсумий иш билан таъминланади.
Манба: ЎзА