Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“E-qaror” электрон тизими бўйича алоқа маркази — “Call center” ишга тушди
2021-06-23 | Жамият
Қарор ва ижро. Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида қарори” асосида “E-qaror” электрон тизими яратилди.
Бу маҳаллий ижро этувчи органлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимидир.
Адлия вазирлиги мансабдорларнинг тизим орқали қарор қабул қилишини йўлга қўйишда самарали иш олиб борди. Вазирлик ишчи гуруҳи вилоятларда қатор амалий ишларни бажариш билан бирга ташкилотларнинг соҳа бўйича тегишли масъуллари иштирокида семинарлар ўтказди.
Эндиликда тизимга кираётган шахсларни рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёни доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг “E-qaror” электрон тизимидан самарали фойдаланишларини таъминлаш, шунингдек, ундан фойдаланиш масаласига методик раҳбарлик ҳам вазирлик зиммасида.
Айни пайтда ҳокимлар “E-qaror” электрон тизими орқали қарор қабул қилмоқда. Муҳими, бу шаффоф тизимда ноқонуний қарор қабул қилиш имконсиз.
Янги онлайн дастурнинг устунлик томони — чиқарилаётган қарорни “E-qaror” тизими орқали кенг жамоатчилик бемалол онлайн кузатиб бориши мумкин.
“E-qaror” электрон тизимининг барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жорий этилиши уларнинг фаолияти ва иш юритуви шаффофлашишига хизмат қилмоқда. Бу фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол бўлиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатларни келтириб чиқарувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган нормалар ўрнатилишининг олдини олади.
2021 йил 1 июлдан бошлаб “E-qaror” электрон тизими республиканинг барча даражадаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида жорий этилади.
Шу кунларда “E-qaror” электрон тизими бўйича алоқа маркази (Call center) ишга тушди.
Тизим билан боғлиқ камчиликлар бўйича бемалол ушбу марказнинг 71 202 22 02 (ички рақам -1) рақамига қўнғироқ қилиб, хабар бериш мумкин.
Манба: ЎзА