Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

“Мен парламентда ёшларни қўллайман”

2021-06-22 | Сиёсат

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” мавзусида Ёшлар парламентлари форуми ташкил этилди. Унда Парламентлараро Иттифоқнинг Бош Котиби Мартин Чунгонг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, академик Акмал Саидов, Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ҳамда Ёшлар парламентлари аъзолари иштирок этди.

Юртимизда ёшлар масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугун ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасидаги фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси ташкил этилгани, Ёшлар парламенти фаолияти йўлга қўйилгани йигит-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини таъминлаш ва бу жараёнга қизиқишларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Форумда ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида, жумладан, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда эришилган натижалар, ёшларнинг давлат бошқаруви ва парламентдаги иштироки масалалари кенг муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро иттифоқ ижроия қўмитасининг раиси ўринбосари Акмал Саидов мамлакатимизда ёшлар масалаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг ёшларга оид халқаро даражадаги ташаббуслари ҳақида батафсил тўхталди. 

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидан ўрин олган “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат” деган фикрлари ер юзидаги ҳар бир мамлакат учун бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидлади. 

Ўзбекистонда сўнгги йилларда ёшларга қаратилаётган мазмундор ислоҳотлар ўз натижаларини кўрсатаётгани, ёшлар ҳуқуқларини таъминлашда Ўзбекистоннинг халқаро минбарлардан билдираётган ташаббуслари алоҳида эътибор билан қабул қилинаётганини қайд этди.

Парламентлараро иттифоқнинг Бош Котиби Мартин Чунгонг жаноблари ҳам ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда бу каби сиёсий ва маданий-гуманитар ташаббусларни ривожлантириш ва чуқурлаштириш зарурлигини алоҳида эътироф этди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Парламентлараро иттифоқ – турли давлатларнинг миллий парламент гуруҳларини бирлаштирувчи халқаро (ҳукуматлар қарамоғида бўлмаган) ташкилотлардан бири ҳисобланиб, 1889 йилда тузилган. Унинг асосий вазифалари парламентлар ўртасидаги шахсий алоқаларни рағбатлантириш ва халқаро тинчлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишида биргаликда фаолият кўрсатиш учун уларни бирлаштиришдан иборат. Парламентлараро иттифоқ фаолиятида 170 дан ортиқ давлатнинг парламент гуруҳлари қатнашади. Парламентлараро иттифоқ котибиятининг қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган.

Форумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси, Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламентарийлар форуми аъзоси Абдулла Асланов маъруза қилди:

– Юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга замин бўлмоқда, – деди Абдулла Асланов. – Бугун ёшларнинг ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлардаги қонун ижодкорлиги жараёнида иштироки, ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, кенг миқёсли ислоҳотлар алоҳида эътиборга молик. Бу каби ғамхўрлик, яратилаётган шарт-шароитлар ёшларни янгидан-янги ғоя ва ташаббуслар сари ундайди.

Шунингдек, форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари ҳам сўзга чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, уларга тааллуқли қарорларни қабул қилишда ёшлар парламентининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга эканлигига тўхталиб ўтдилар.

Ёшлар парламенти аъзоларининг қонунчилик жараёни, парламент фаолияти, ёшлар билан ишлашда тўпланган маҳаллий тажриба ва лойиҳалари форумда кенг муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Ёшлар парламентлари аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди, ўз фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирдилар.

Тадбир якунида келгуси режалар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилди ҳамда келишув асосида шу каби форматда муҳокамаларни доимий равишда ўтказишга келишиб олинди.

– Бугунги ёшлар форуми биз учун ҳар жиҳатдан фойдали ҳамда қизиқарли бўлди, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Самандар Исмоилов.

Учрашувда айтиб ўтилдики, бутун дунё аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этмоқда, шундан 2,1 фоизи дунё парламентларида депутат сифатида фаолият юритмоқда. Парламентлараро Иттифоқнинг Бош Котиби Мартин Чунгонгнинг айтишича, бу кўрсаткич кам. Аммо Ўзбекистон парламентида ёшларинг улуши 6 фоиз ва бу глобал кўрсаткичдан 3 баробар кўп. Шу жиҳатдан Ўзбекистонда ёшларга оид ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар жаҳон давлатларига намуна бўлиши эътироф этилди.

Шунингдек, учрашувда Ёшлар парламенти аъзолари томонидан қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, эндиликда жаҳон Ёшлар парламентлари глобал саммитини ташкил этиш ҳақидаги таклифимиз Парламентлараро Иттифоқнинг Бош Котиби томонидан маъқулланди ва иттифоқ доирасида ташкил этишга розилик билдирилди.

Бу каби учрашув ва форумлар биз, ёшларнинг ғоя ва ташаббусларимизни рўёбга чиқаришда, қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллигимизни оширишда муҳим ўрин тутади.

Манба: ЎзА

Поделиться