Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хорижлик сармоядорлар Нурафшон шаҳрида атир-упа ва пардоз-андоз маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширади
2021-06-22 | Иқтисодиёт
Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида Нидерландиянинг «Agroo Food Nl LTD» компанияси директори Тоерижалаи Аҳмади, Туркиянинг «Oivaa LTD» корхонаси директори Абдул Кадер ва Нурафшон шаҳри ҳокими Музаффар Солиев иштирокида музокаралар ташкил этилди
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Нурафшон шаҳрида хорижий технологиялар асосида маҳаллий ва хорижий бозорлар учун парфюмерия ҳамда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини йўлга қўйишдан иборат.
Шаҳар ҳокими Музаффар Солиев хорижий сармоядорларга тумандаги мавжуд ресурслар, ишлаб чиқариш салоҳияти, тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар хусусида атрофлича маълумот берди.
Ҳудудда яратилган қулай инвестиция муҳити боис бугунги кунда Буюк Британия, Германия, Туркия, Эрон, Хитой ва бошқа давлатлардан келган сармоядорлар ишлаб чиқаришнинг турли тармоқларига инвестиция киритгани ва улар муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.
«Oivaa LTD» компанияси директори Абдул Кадер яқин вақт давомида ўзининг инвестициявий лойиҳасини амалга оширишни бошлашини маълум қилди.
Инвесторнинг фикр билдиришича, лойиҳани амалга ошириш учун қулай инфраструктурага эга бўлган 0,5 гектар ер майдони лозим бўлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллардан 5 миллион долларгача бўлиши мумкин. Корхона ишга туширилиши натижасида 20 нафарга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари учун янги иш ўринлари яратилади. Корхона Франция ва Туркия давлатларидан олиб келинадиган технологиялар билан жиҳозланади.
«Oivaa LTD» компанияси раҳбари билан кечган суҳбат натижаси ўлароқ, инвесторни ҳуддуддаги бўш жойлар билан таништириш ва лойиҳани яқин кунларда амалга оширишни бошлаш юзасидан келишувга эришилди.
«Agroo Food NL LTD» компанияси раҳбари Тоерижалаи Аҳмади мамлакатимизда, хусусан, Нурафшон шаҳрида ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларнинг хорижга экспорт ҳажмини кенгайтиришга кўмаклашишга тайёр эканлигини маълум қилди. Сармоядор шу мақсадда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси кўмагида Амстердамда «Ўзбекистон савдо уйи»ни очиш ишлари якунланганини ва унинг расмий очилиши маросими Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида бўлиб ўтишини маълум қилди.
«Европанинг йирик шаҳарларидан бирида ўзбек савдо уйининг бўлиши хорижий ҳамкорларда миллий маҳсулотларга бўлган ишончнинг ортиши ва экспорт ҳажмининг кенгайишига хизмат қилади», деди Тоерижалаи Аҳмади.
Томонлар Ўзбекистоннинг бренд маҳсулотлари намуналарини Амстердамда очиладиган «Ўзбекистон савдо уйи»га жойлаштириш ва хорижий экспортчилар билан шартнома тузиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги