Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Марказий Осиё олий таълим маконини яратиш масаласи муҳокама қилинди
2021-06-19 | Таълим
17-18 июнь кунлари Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида “Марказий Осиё олий таълим макони: минтақавий ҳамкорлик, миллий ислоҳотлар” мавзусида Марказий Осиё давлатларининг олий таълим вазирлари конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов онлайн тарзда қатнашиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонда олий таълим тизимида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар, халқаро таълим маконидаги интеграция ва ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, уни Европа Иттифоқи давлатлари билан кенгайтириш ҳамда истиқболдаги режалар бўйича нутқ сўзлади.
Тадбирнинг аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, унда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни ўзаро тан олиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, минтақада илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақа давлатларидаги олий ўқув юртлари доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини янада жадаллаштириш ғоялари илгари сурилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги