Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Президент мактабининг илк қалдирғочлари
2021-06-19 | Таълим
Наманган шаҳри Давлатобод туманида жойлашган Президент мактаби битирувчилари учун “Сўнгги қўнғироқ” байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов, шаҳар ва туман ҳокимлари, бир қатор ташкилот, муассасалар раҳбарлари, мактаб раҳбарияти ва ўқувчилари, уларнинг ота-оналари иштирок этди.
"Сўнгги қўнғироқ" тадбири кўтаринки руҳда ўтди. Зеро, Президент мактаби битирувчиларининг ютуқ ва муваффақиятлари залворли бўлди. Илк қалдирғочлар жаҳон ва Ўзбекистоннинг нуфузли олийгоҳлари ва уларнинг филиалларига ўқишга қабул қилинди. Қувонарлиси, уларнинг аксарияти грант асосида таҳсил олади.
Ёшларимизга омад ва зафарлар ёр бўлсин! Сизлардан умидимиз катта! Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган фидойилар қаторида бўлишингизни тилаймиз!
Президент мактабини 24 нафар ўқувчи тамомлади. Уларнинг 21 нафари IELTS ҳамда 6 нафари SAT имтиҳонларини топшириб юқори натижаларга эришди. Шунингдек, 3 нафар ўқувчи июнь ойида IELTS тил билиш даражасини аниқлаш тестларини топшириш учун рўйхатдан ўтган.
Ўқувчиларнинг 13 нафари мамлакатимиздаги хорижий олий таълим муассасаларида ўз ҳисобидан таълим олишни давом эттиради. Шунингдек, 10 нафар ўқувчи “El-yurt umidi” умид жамғармаси давлат грантига ҳужжат топширган, натижалар эълон қилиниши кутилмоқда. 1 нафар ўқувчи 100 фоизлик грант ютган ва таҳсилни хорижда давом эттиради.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат)
Манба: ЎзА