Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мустаҳкам оила – жамият таянчи
2021-06-18 | Жамият
Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ташаббуси билан Яшнобод туманидаги «Олмос» маҳалласида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун «Мустаҳкам оила – жамият таянчи» мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Муқимий номидаги мусиқали драма театрининг таниқли актёрлари ва Қибрай тумани ҳудудий отинойиси иштирок этди. Тадбирга йиғилганларнинг асосий қисми аёллардан иборат бўлганлиги боис, отинойи томонидан рўзғор юмиш ва ташвишларида чидамли, оғир кунларда сабрли, хурсандчилик кунларнинг эса шукронасини қилиб яшашни ўзларида шакллантириш кераклиги тўғрисида таъкидланди.
Турмуш ўртоғига доим елкадош бўлиш, уни тушиниш, ҳурмат қилиш ва доим қўллаб қувватлаб туриш кераклигини мисоллар орқали тушинчалар берилди. Ўзбекистон халқ артисти Меҳри Бекжонова ижросидаги қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
– Бундай тадбирларни ўтказишдан асосий мақсадимиз, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг маданий дам олишларини ташкиллаштириш, ҳарбий қисмлар томонидан ҳарбий хизматчининг оиласини қўллаб-қувватлаш. Қолаверса, оилада тарбия топаётган фарзандларининг ҳам ўз келажаги ва Ватанимиз келажаги учун керакли инсон бўлиб камолга етишларида ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат, – дейди ҳарбий қисм командрининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Нуриддин Раҳимов.
Шерзод ШАРИПОВ Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги