Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Келажак лидерлари” клубининг вазифалари нималардан иборат
2021-06-18 | Жамият
Бухорода “Келажак лидерлари” клубини ташкил этиш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Републикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ташаббуси билан ўтказилган учрашувда Бухоро вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган ходимларнинг 1 минг 98 нафарини ёшлар ташкил этиши таъкидланди.
Ёшларни давлат фуқаролик хизматига қизиқтириш, уларни давлат хизматига кенг жалб қилиш юзасидан ишларнинг тизимли равишда ташкил этилмаганлиги, давлат хизматчилари тўғрисида ўрнашиб қолган эскича қарашлардан воз кечиш бўйича ишлар талабга жавоб бермаслиги танқид қилинди.
Шунингдек, иқтидорли ва лидер ёшлар қатламини тизимли равишда шакллантириб боришда муаммолар борлиги, ёшлар ва давлат ташкилотлари раҳбарлари ўртасида алоқа йўқлиги, ушбу ташкилотлар фаолиятида уларнинг бевосита иштирок эта олиш имконияти расмийлигича қолаётгани каби бир қатор муаммолар айтиб ўтилди.
Вилоятда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳудудий филиали қошида 20 ёшдан 35 ёшгача олий таълим муассасалари талабалари ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритиб келаётган ёш давлат фуқаролик хизматчилари учун “Келажак лидерлари” клуби фаолияти ташкил этилмоқда.
Мазкур клубнинг асосий мақсади ёш ватанпарвар лидерлар қатламини шакллантиришга қаратилган. Улар ўз ортидан тенгдошларини эргаштириб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда давлат фуқаролик хизматида истиқболли кадрларнинг улуши ортишига хизмат қилади.
— Клуб Президентимизнинг 2020 йил 25 декабрда ўтказган Ёшлар форумидаги нутқи, Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда жорий йил дастурида қайд этилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти ҳудудий филиали директори Зафар Жумаев. — Клуб аъзолари тўрт босқичдан иборат саралаш босқичлари орқали саралаб олинади.
Ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинган саралаш босқичи ҳақидаги платформа бўйича 200 га яқин ҳужжат қабул қилинди. Низомда белгиланган талаб асосида тўрт босқичда синовдан ўтказилган номзодлар орасидан энг муносиб 50 нафар лидер ёшлар клуб аъзолига қабул қилинади.
Тадбирда ёшларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди. Шу куни “Келажак лидерлари” клубига аъзоликка номзодлар учун тест синовлари ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Републикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов иштирок этди.
Манба: ЎзА