Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қаровсиз бинолар ўрнида янги корхоналар иш бошлади
2021-06-18 | Сиёсат
Тўқимачилик саноати Андижон вилоятидаги “драйвер” соҳалардан. Бугун бу ерда 700 га яқин шундай корхоналар фаолият юритмоқда.
Андижон шаҳридаги “Dinar group” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тикувчилик корхонаси - шулардан бири.
Умумий қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа учун қаровсиз бино “ноль” қийматда берилган эди. Атиги етти ойда бу ерда замонавий корхона пайдо бўлди.
Янги корхонага Италия, Австрия ва Туркия каби давлатлардан мато бўяш ва тикув ускуналари келтириб ўрнатилди. 1000 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 3,5 миллион дона тайёр трикотаж ва 5 минг тонна ярим тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватига эга.
Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига аъзо бўлиши билан бу корхона учун ҳам кенг йўл очилди. Маҳсулотлар 100 фоиз экспортга йўналтирилмоқда. Бугунги кунда хорижий давлатлар буюртмалари асосида 50 дан ортиқ турдаги ярим тайёр ва 100 хилдан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик экспортни 40 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Бўш турган иншоотлардан самарали фойдаланишга қаратилган иқтисодий сиёсат натижасига Андижон шаҳридаги “Diromm” фабрикаси ҳам мисол бўла олади. Унинг биноси 1980 йилларда қурилган, узоқ вақт ишламасдан, ташландиқ ҳолга келиб қолганди.
“Бобур ХБК” масъулияти чекланган жамияти томонидан 33 миллион 500 минг доллар миқдорида инвестиция киритилгач, бино қиёфаси тамоман ўзгарди. У мукаммал таъмирланиб, Франция, Германия, Италия, Япония ва Туркиянинг замонавий технологиялари ўрнатилди. Ҳозир бу ерда 1 минг 500 киши меҳнат қилмоқда. Тўлиқ қувватда 2 минг 700 та доимий иш ўрни бўлади.
Бугунги кунда корхонада 200 турдаги жинси маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Матони бўяшдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган жараён замонавий технологиялар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Бу фабрикада ҳам маҳсулотлар тўлиқ экспорт қилинади. Мўлжал - йилига 25 миллион долларлик маҳсулотни хорижга етказиб бериш.
Президентимиз янги корхоналардаги иш жараёнини, маҳсулот намуналарини кўздан кечирди. Мутасаддиларга корхоналар фаолиятини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти