Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тарихий обидаларни биргаликда асраймиз

2021-06-17 | Маданият

Меъморий обидалар тирик организмга ўхшайди. Уларни асраб-авайлаш ишларини тўғри олиб бориш тарихий объектлар умрини узайтиришда, келгуси авлодларга безавол етказишда муҳим аҳамият касб этади. Маданий мерос агентлигида Италия, Франция, Япония, Эрон, Туркия каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу кунларда мамлакатимизда бир гуруҳ эронлик реставраторлар хизмат сафари билан меҳмон бўлиб турибди. Улар юртимиздаги 40 га яқин тарихий объектларни ўрганишди.

Агентликда Эрон Республикаси реставраторлари Ўзбекистон маданий мероси бўйича олимлар, мутахассислар, Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти ўқитувчилари ва магистрлари иштирокида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий маданий мерос объектларини асраш борасидаги ҳамкорлик ижобий натижаларни беришини қайд этди. 

Семинарда эронлик реставратор олимлар Сиёвуш Собирий Коҳкий, Саидҳусайн Ҳайдарий Лутфободий, Афсона Жаброилзода Коргар 5 кун мобайнида Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида темурийлар даврига оид 40 га яқин архитектура ёдгорликларини ўрганганликлари бўйича таҳлилларга асосланган тақдимотни намойиш қилди.  

Тақдимотда Эроннинг темурийлар даврига оид ёдгорликлари билан Ўзбекистондаги ушбу давр ёдгорликлари қиёсий таҳлил қилиниб, ундаги тарҳ, қурилиш ашёларининг ишлатилиши, обидаларни сақлашдаги ўзига хос жиҳатлар кўрсатиб ўтилди.

Семинардан сўнг эронлик реставраторлар ўзбекистонлик реставраторлар, магистрлар ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига батафсил жавоб берди.

Шунингдек, Маданий мерос агентлигида Маданий меросни асраш ва алоҳида муҳофаза қилинадиган ҳудудларни ҳимоя қилиш бошқармаси мутасаддилари билан ўтказилган учрашувда соҳа муаммолари атрофлича муҳокама этилди.

Амалий учрашув жараёнида эронлик реставраторлар хизмат сафари жараёнида тарихий обидаларни ўрганиш жараёнида қилинган таҳлил натижалари билан ўртоқлашди.   

Теҳрон университети ҳузуридаги Маданият ва санъат тадқиқотлари институти директори ўринбосари Сиёвуш Собирий Коҳкий Эронда ҳам темурийлар даврида қурилган тарихий ёдгорликлар мавжуд бўлиб, кошинлардаги ложувард ва нилий ранглар, хом ва пишган ғиштларнинг қўлланилиши айнан ўхшаш эканлигини таъкидлади. Ўрта асрлардаги меъмор усталар тарихий бинолар қурилишида уни намгарчиликдан ҳимоялаш хусусиятларини инобатга олганликларини, аммо бинолар охирги йилларда таъмирланганда цемент ва бетондан фойдаланиш оқибатида уларнинг ташқи ҳамда ички қисмида шўрланиш ҳодисаси юз бераётгани таассуф билан қайд этилди.

– Маданий ёдгорликлар таъмирланишида табиий қурилиш ашёларидан фойдаланиш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин,–деди Сиёвуш Собирий Коҳкий.– Айни пайтда бу каби ҳамкорлик меъморий обидаларни асраш борасидаги ўзаро фикр ва тажрибаларимизни бойитишга хизмат қилади. 

Манба: ЎзА

Поделиться