Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Савдо-саноат палатасининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди
2021-06-17 | Сиёсат
Парламент юқори палатаси манбасига кўра, қурултойда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси Равшан Ғуломов, сенаторлар ва депутатлар қатнашдилар.
Тадбирни Олий Мажлис Сенатининг раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очар экан, республикамизда тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли чора-тадбирлар, соҳада яратилган шарт-шароитлар ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга тўхталди.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, сўнгги тўрт йилда экспортга жалб этилган корхоналарнинг сони қарийб 2 баробар кўпайиб, 7 мингтага етди. Улар томонидан 1 минг 300 турдан ортиқ маҳсулот экспорти ўзлаштирилди.
Шунингдек, қурултой давомида Бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов, адлия вазири Русланбек Давлетов ўз йўналишлари доирасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Тадбир чоғида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг 2017-2021 йиллардаги фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди ва навбатдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида — тизимга малакали кадрлар жалб қилиниб, тадбиркорлар манфаати бўйича судларга 400 мингга яқин даъво аризалар киритилди.
Шунингдек, тадбиркорлар иштирокида халқаро даражада юзага келадиган низоларни кўриб чиқиш бўйича палата ҳузурида “Тошкент халқаро арбитраж маркази” ташкил этилиб, халқаро даражадаги арбитрлар жалб этилгани ҳолда тижорат низолари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.
Палата томонидан ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида ҳам қатор ишлар амалга оширилгани ҳолда вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 3,3 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш юзасидан ваколатли орган сифатида жамоатчилик экспертизаси ўтказилди.
Ушбу лойиҳаларнинг қарийб 58 фоизида тадбиркорлик фаолиятида қийинчилик туғдирадиган ва коррупцияга шароит яратувчи меъёрлар аниқланиб, палатанинг эътироз ва таклифлари асосида ҳужжатлар қайта ишланди.
Ташқи иқтисодий фаолият соҳасида хам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Республикамиз иқтисодиётини жаҳон иқтисодий жараёнларига интеграциялашувини таъминлаш бўйича Савдо-саноат палатаси томонидан хорижий турдош палаталар ва ҳамкор ташкилотлар билан 89 та ҳамкорлик битимлари тузилган.
Палата кўмагида 600 дан ортиқ хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ташкил этилиб, жалб этилган инвестицияларнинг қиймати 847 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Қурултойда Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Президиумини сайлаш, палата Тафтиш комиссиясининг ҳисоботини тинглаш, палата Низомига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масалалари овозга қўйилиб, делегатлар томонидан тасдиқланди. Кўрилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги