Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси
2021-06-16 | Сайлов
16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси Зайниддин Низамходжаев бошқарган мажлиснинг кун тартибидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш, Марказий сайлов комиссиясининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид масалалар жой олди.
“2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга биноан жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланган.
Ҳаражатлар сметасини шакллантириш ва Молия вазирлиги билан келишишда Сайлов кодекси ҳамда халқаро сайлов стандартлари талабларидан, шунингдек, аввалги сайловлар тажрибасини таҳлилий ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинди.
Жумладан, 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 миллион 991 минг сўмдан, шунингдек, қарийб 10 800 та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 миллион 813 минг сўмдан маблағ ажратиш режалаштирилган.
Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланиши қайд этилди. Пандемия шароитида сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи материаллар харидига доир маблағлар ҳам назарда тутилган.
Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган ва ижроси изчил таъминланаётган Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишни ташкил этиш концепцияси бўйича тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолигига жалб этиладиган номзодларнинг билими ва кўникмасини ошириш мақсадида “каскад” усулида ташкил этилган ўқув машғулотлари учун 18,4 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақини ташкил этади.
Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ марказлашган тартибда харид қилинадиган сайлов жиҳозлари, зарур моддий-техник воситалар, товарлар ва хизматлар учун ҳам маблағ ажратилади.
Йиғилишда Марказий сайлов комиссиясининг бир қатор қарорлари сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқлаштирилди.
Жумладан, сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар илгари маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган бўлса, бундан буён жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилади. Бу қоида Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорида ҳам мустаҳкамланди.
Энди сайловчилар билан учрашувлар каби оммавий тадбирлар уларнинг ўтказилиши жойи ва вақти ҳақида туман (шаҳар) ҳокимликлари камида уч кун олдин ёзма равишда хабардор қилинган ҳолда ўтказилади. Бунда, ушбу оммавий тадбирларни ўтказиш учун рухсатнома талаб этилмайди.
Аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда округ сайлов комиссиялари 9-11 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилар эди. Бўлиб ўтадиган Президент сайловида мамлакатимиз бўйича ўн тўртта округ сайлов комиссияси фаолият юритиши, айрим округларда сайлов участкалари сони мингтагача етиши, сайлов участкаларининг баъзиларида эса уч минг нафаргача сайловчи рўйхатга олинишига эътибор қилинса, округ сайлов комиссиялари таркибини кенгайтириш зарурлиги аён бўлади.
Шу муносабат билан Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари таркибини 11-21 нафаргача белгилаш юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатларига тааллуқли бошқа айрим масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Манба: Марказий сайлов комиссияси