Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари БМТ Бош котибининг ёрдамчиси билан учрашди
2021-06-16 | Сиёсат
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев кеча БМТ Бош котибининг ёрдамчиси, Европа ва МДҲ бўйича БМТ Тараққиёт дастури минтақавий бюроси директори Миржана Эггер билан учрашди
Олий Мажлис Сенати маълумотига кўра, учрашувда БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовска ҳам иштирок этди.
Томонлар сўнгги йиллар давомида икки томонлама алоқалар мустаҳкамланаётгани, шу жумладан, БМТ институтлари билан ҳамкорликда қатор ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида сиёсий ва иқтисодий соҳада амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг ўрни кучайиб бораётгани тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Тадбир чоғида БМТнинг 2030 йилгача бўлган Барқарор ривожланиш мақсадларини изчиллик билан амалга ошириш Ўзбекистон давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлиги таъкидланди. Бу йўналишда қатор чора-тадбирлар кўрилди, БМТ Тараққиёт дастури билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Учрашувда гендер тенглик бўйича кўп томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Маржана Эггер Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни юқори баҳолагани баробарида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканлигини ҳам маълум қилди.
Томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги