Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сирдарёда “Йилнинг энг фаол ёш божхоначиси” кўрик-танлови ўтказилди
2021-06-15 | Хавфсизлик соҳаси
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори иқтисодий ўсишга эришиш ҳисобидан халқимизнинг фаровонлигини ошириш ва кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида юртимизда қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимда фаолият юритаётган ёшларнинг етакчилиги, фаоллиги, ижодий қобилияти ва ташаббускорлигини ривожлантириш, касбий маҳоратининг рўёбга чиқишига кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ёшларнинг онгига ватанпарварлик, бағрикенглик, ватанга содиқлик туйғуларини сингдириш мақсадида “Йилнинг энг фаол ёш божхоначиси” республика кўрик-танловини 1-босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши мутахассислари ва бошқарманинг тегишли бўлим ходимлари иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирда барча номзодлар фаол иштирок этиб, ўзларининг касб маҳоратларини ҳамда билим кўникмаларини синовдан ўтказишди. Якунда эса “Ховос” ТИФ божхона пости инспектори Б.Алимов ғолиб деб топилиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси