Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Жанубий Корея компаниялари билан авиаташув соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2021-06-15 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон транспорт вазири, «Uzbekistan Airways» авиакомпанияси кенгаши раиси Илҳом Маҳкамов Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон билан учрашув ўтказди
Мулоқот чоғида кенг кўламли хамкорлик истиқболлари муҳокама қилиниб, икки мамлакат ўртасида авиақатновлар ва логистика бўйича келишувларга эришилди.
Ким Чанг Кеон коронавирус пандемияси туфайли халқаро авиақатновлар соҳаси жиддий қийинчиликларни бошдан кечираётганини таъкидлади. Шу муносабат билан у Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида бизнес уюшманинг фаол қўллаб-қуватлови ва ёрдами билан ҳаётга тадбиқ этилаётган йирик лойиҳалар доирасида «Uzbekistan Airways» билан ҳамкорликда юк ташиш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф этди.
Ўз навбатида, Илҳом Маҳкамов бизнес уюшма билан ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро муносабатларнинг янги қирраларини жорий этишдан манфаатдорлик билдирди.
Учрашув чоғида томонлар «Uzbekistan Airways» билан CSA юк ташиш хизмати битимини тузиш учун Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес уюшмасининг энг яхши логистика компаниялари аъзолари консорциумини тузиш тўғрисида келишувга эришилди. Ушбу тизим орқали ҳаво транспорти соҳасидаги лойиҳалар расман илгари сурилиши айтилди. Бундан ташқари, ҳар икки томон вакиллари Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасининг темир йўл ва автомобиль йўл транспортининг асосий логистика маркази сифатида ривожлантириш бўйича фаол ҳамкорлик қилишга ва бу борада ўзаро мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги