Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нукус давлат педагогика институти ва Герцен номидаги университет ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди
2021-06-15 | Таълим
Нукус ДПИ ректори Байрамбай Отемуратов Санкт-Петербург шаҳридаги Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетига ташриф буюриб, ушбу университетнинг халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Юлия Комарова билан учрашди.
Унда мамлакатимизда олий таълим тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси тўғрисида фикр алмашилиб, бакалавриатнинг дефектология ва психология таълим йўналишлари бўйича «2+2», шу билан бирга, магистратурада ўзга тилли гуруҳларда рус тили мутахассислиги бўйича «1+1» тизими асосида қўшма таълим тизимини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, икки олий таълим муассасаси ўртасида профессор-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш йўналишида амалга ошириладиган ишлар, россиялик машҳур профессор-ўқитувчиларнинг институт талабаларига дарс ўтиши учун келиш масаласи белгилаб олинди.
Учрашув сўнггида Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ва Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Бугунги кунда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида мазкур йўналишда самарали ишлар амалга оширилиб, шу кунгача хорижий давлатлардаги 39 олий таълим муассасаси билан академик мобиллик, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда ташкил этиш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда қўшма таълим дастурларини очиш каби соҳаларда икки томонлама амалий ишлар олиб борилмоқда.
Манба: ЎзА