Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилмоқда
2021-06-15 | Иқтисодиёт
Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.
Шу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, зарур ишлар амалга оширилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамкорлигида “Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг асосий йўналишлари” мавзуида ташкил этилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Давлат дастурида белгиланган вазифалар ҳамда вазирлик томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Тошкент давлат юридик университетининг профессор- ўқитувчилари фуқаролик ва тадбиркорлик ҳуқуқларининг мақсад ва вазифалари, уларнинг бир-бирига ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти масалаларига тўхталиб, Кодекс лойиҳасининг асосий йўналишлари борасида ўзларининг таклифларини келтириб ўтди. Кодекс лойиҳасида кўрсатилиши лозим бўлган тадбиркорларнинг ҳуқуқ устуворлиги, минимал тартибга солиш, эркин рақобат каби принципларни киритиш таклифлари билдирилди.
Бундан ташқари, баҳс ва мунозараларда ижтимоий тадбиркорлик, инновацион тадбиркорлик, инвестиция муносабатлари, тадбиркорликни молиялаштириш каби масалаларга эътибор қаратиш зарурлиги айтилди. Шунингдек, тадбиркорлик ва давлат ўртасидаги муносабатларда Конституциявий суд, Бизнес-омбудсман ва бошқа давлат органларининг ваколатлари тўғрисидаги масалаларга тўхталиб ўтилди.
Адлия вазирлиги масъуллари Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнларига тадбиркорлик субъектлари, соҳанинг илмий вакиллари, соҳа бўйича мутахассислар, экспертлар ва бошқаларни фаол қатнашишга чақирди.
Манба: ЎзА