Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича халқаро лойиҳа ўз ишини бошламоқда
2021-06-14 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг элчихоналари билан ҳамкорликда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, ижтимоий заиф қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги қатор ижтимоий лойиҳаларни йўлга қўйиб келмоқда.
Бугун пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent City” меҳмонхонасида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган навбатдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича лойиҳанинг бошланиш маросими ҳам ана шу ташаббусларнинг мантиғий давомидир.
Лойиҳа дастлаб Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида синовдан ўтказилади ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш хизматларининг одамлар эҳтиёжларига мос равишда ишлаб чиқилишини таъминлайди. Синов лойиҳасининг натижалари ижтимоий ҳимоя соҳасини ислоҳ қилиш дастурининг асоси бўлиб, ҳимояни комплекс таъминлаш учун институционал базани ишлаб чиқиш учун қўлланилади.
Тадбирда иштирок этган ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жоффри Иджумба бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди: “Кучли ижтимоий ҳимоя тизими, камситишга қарши, инсон ҳуқуқларига асосланган ва инклюзив ёндашув асосида ишлайдиган юқори малакали ижтимоий ходимлар билан биргаликда, Ўзбекистондаги энг заиф одамлар, гуруҳлар ва оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришларга олиб келади.”
Шунингдек, тадбирда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Гулнора Маруфова иштирок этди ҳамда лойиҳа доирасидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
— Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири, аҳоли муаммолари ечимига масъул вазирлик ва идораларни жалб қилиш, ҳар бир муаммони ўз эгасига йўналтиришдир. Ишни бу тарзда олиб бориш маҳаллаларда фуқаролар муаммолари тезкорлик билан манзилли бартараф этилишига, аҳолини ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини оширишга олиб келади. Шу сабабли биз халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга тайёр эканлигимизни билдирамиз.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича БМТнинг Қўшма дастури доирасида амалга оширилмоқда.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги