Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазир Когон туманидаги эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олди
2021-06-14 | Сиёсат
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов Бухоро вилояти Когон туманида “Ўба чўли” маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, ҳудуддаги 2-сон ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган 261-сон сайлов участкасида олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди.
Шунингдек, маҳалла аҳолисининг турмуш тарзи, мавжуд шароитлар, маҳаллий раҳбарларнинг ислоҳотларни амалга ошириш борасида олиб бораётган ишлари натижалари билан яқиндан танишди.
Ташрифнинг навбатдаги манзили сифатида тумандаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13-сон ўрта умумтаълим мактабида ташкил этилган 272-сон сайлов участкасида маҳалла ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар натижаси ўрганилди.
Вазир Р.Маматов ташриф давомида мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи, боқувчисини йўқотган фуқаро Зулфия Маматназарова билан учрашиб, унга музлатгич, телевизор ва майда тўлқинли печь совға қилди.
Ишчи гуруҳнинг тумандаги “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинида олиб борган ўрганишлари давомида ҳам ҳудуддаги бир нечта ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.
Хусусан, ушбу маҳаллада яшовчи фуқаро Салима Зариповага ҳам вазир томонидан музлатгич, телевизор ва майда тўлқинли печь тақдим этилди. Шунингдек, ҳудуддаги 7-мактаб ўқувчиси Шокиржон Расуловнинг мурожаати асосида унга вазир совғаси — янги велосипед туҳфа қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги