Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси “Олтин дафтар”ига киритилган ватандошларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди
2021-06-14 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси томонидан “Олтин дафтар”га киритилган Жанубий Кореяда фаолият олиб бораётган тадбиркор юртдошларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва қўллаб-қувватлаш чораларига бағишланган навбатдаги мулоқот олиб борилди
Элчихона томонидан видеоалоқа шаклида ташкил этилган мазкур мулоқотда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Қашқадарё вилояти ва Тошкент шаҳар хокимликларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бошқармалари мутасадди раҳбар ва ходимлари ҳамда тадбиркор ватандошларимиз иштирок этди.
Юртимизда сўнгги йилларда тадбиркорлик учун кенг имкониятлар яратиб келинаётгани ҳамда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари жадал олиб борилаётгани Корея Республикасидаги ватандошларимизга ҳам элчихона мутасадди вакиллари томонидан бевосита етказиб келинмоқда. Натижада Жанубий Кореядаги 114 нафар ватандошимиз мамлакатимизда умумий қиймати 16 миллион долларга яқин бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ниятида эканини билдирган. Жумладан, Қашқадарё вилоятида умумий сармоя қиймати 550 минг доллар бўлган 7 та, Тошкент шаҳрида 1,7 миллион доллардан зиёд бўлган 8 та лойиҳа таклифлари шакллантирилиб, элчихонанинг “Олтин дафтар”ига киритилган.
Ушбу лойиҳаларни жойларда амалга оширилишини таъминлаш ва тегишли амалий кўмак кўрсатиш мақсадида вазирлик ва ҳудудий ҳокимликлар билан ватандошлар ўртасида ҳамкорликни элчихона томонидан тизимли равишда олиб борилаётгани тадбир иштирокчиларига маълум қилинди. Шунингдек, тадбиркор ватандошларимиз томонидан таклиф қилинаётган инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши ҳудуд иқтисодиётининг, жумладан саноат, хизмат кўрсатиш, чорвачилик, боғдорчилик, савдо, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларнинг кенг равнақ топиб боришига ҳамда янги иш ўринларини яратилиши эвазига аҳолининг турмуш даражасини ошишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Шу мақсадда, иштирокчилар томонидан барча имкониятларни ишга солган ҳолда биргаликда ҳамкорликни ва тегишли амалий чораларни олиб бориш муҳимлиги илгари сурилди.
Учрашув кун тартибига биноан Қашқадарё вилояти ва Тошкент шаҳрида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ватандошларимизнинг бизнес режалари томонлар ўртасида атрофлича ўрганиб чиқилди ҳамда юртдошларимизни қизиқтирган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ барча масалалар бўйича тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Муҳокамалар давомида “Олтин дафтар”га киритилган ватандошларимизнинг юртимиздаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан таклиф этилган бизнес-режаларни жойларда амалга оширилишини таъминлаш борасида томонлар ўртасида амалий чора-тадбирлар ҳамда тегишли мутасаддилар белгилаб олинди.
Мулоқот сўнгида мазкур чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали ижросини амалга ошириш мақсадида элчихона, маҳаллий ҳокимиятлар, вазирликлар ва тадбиркор юртдошларимиз ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотларни мунтазам равишда олиб боришга келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги