Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Автомобилсозлик учун мутахассислар тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик
2021-06-14 | Иқтисодиёт
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 10-11 июнь кунлари расмий ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлди. Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор келишувларга эришилди.
Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик доирасида энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ҳамда бошқа соҳаларни қамраб олган 35 та ҳужжат имзоланди. Жумладан, олий таълим соҳасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш алоҳида қайд этилди.
Икки давлат Президентларининг Суғд вилоятининг қадимий Хўжанд шаҳрига ташрифи доирасида мамлакатимиз олий таълим тизими вазирлари Муҳаммадюсуф Имомзода ва Абдуқодир Тошқуловнинг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ҳозирда Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларининг кўплаб ёшлари қўшни мамлакатлар олий ўқув юртларида таҳсил олишаётгани, бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан аниқ таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик доирасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларни Тожикистонда йиғиш йўлга қўйилиши таъкидланди. Бу, албатта, қўшни давлатлар ўртасида автомобилсозлик ҳамда соҳа мутахассисларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликка кенг йўл очиб беради. Шу ўринда мамлакатимиз автомобилсозлик саноати тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаб келаётган олийгоҳимизда келгусида қўшни Тожикистон ёшлари ҳам ўқиб, билим олиши, автомобилсозлик соҳаси мутахассисликларини пухта эгаллашлари мумкин бўлади.
Ишонаманки, барча йўналишлар қатори икки давлат ўртасида олий таълим ва автомобилсозлик соҳаси учун кадрлар тайёрлаш борасида йўлга қўйиладиган ҳамкорлик шубҳасиз, икки томон учун ҳам фойда келтиради.
Манба: ЎзА