Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ёшлар дафтари”даги чортоқлик аёлларга тикув машиналари топширилди
2021-06-14 | Ёшлар
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни якка тартибда тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш энг долзарб масалалардан биридир. Ушбу муҳим масала Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳамда 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам алоҳида муҳим вазифа сифатида белгиланган.
Хусусан, бу борада Наманган вилоятининг Чортоқ туманида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Куни кеча туман ҳокими Анваржон Отахўжаев, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва туман секторлари мутасаддилари иштирокида “Ёшлар дафтари”га киритилган 58 нафар аёл-қизга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
Тикув машиналари орқали якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган ёшларга яна қандай ёрдам зарур бўлса, ҳокимлик ва Ёшлар ишлари агентлиги томонидан етарлича имконият яратилиши, шартнома асосида буюртмалар топиб берилиши таъкидланди.
Туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи масъул тўртинчи сектор ҳудудидаги “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини, “Оқ тикан” массивида истиқомат қилувчи, “Ёшлар дафтари”га киритилган Гулмира Турсунова ҳам унга берилган имкониятдан мамнун.
– Сўнгги пайтда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибордан хурсандман, – деди Гулмира Турсунова. – Яқинда “Ёшлар дафтари” рўйхатига киритилган эдим. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан менга замонавий тикув машинаси тақдим этилди. Бу мен учун бир имконият. Ғайратимга ғайрат қўшилиб, бундан кейин шижоат билан меҳнат қилишга ваъда бераман.
Дарҳақиқат, ҳудудда ёшларга замонавий тикув машиналари берилгани ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни якка тартибда тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг бир кўриниши бўлди.
Манба: ЎзА