Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ҳужжатлар ижроси муҳокама қилинди
2021-06-14 | Сиёсат
Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил I ярим йиллик иш режасига мувофиқ давлат хизматлари соҳасида Президентнинг айрим ҳужжатлари ва топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг ижродаги ҳолати бўйича Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Кадастр агентлигида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганишда давлат хизматлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижроси таъминланмаганлиги, айримлари тўлиқ таъминланмаганлиги ва муддат бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ўрганиш давомида юқоридаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда муддат бузилганлиги, баъзи топшириқлар ижроси таъминланмаганлиги аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича агентлик ва вазирликларга аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилди.
2021 йил 11 июнь куни Адлия вазирлиги биносида адлия вазири раҳбарлигида Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги раҳбарияти ва соҳага масъул ходимлари иштирокида ўрганишда аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари танқидий муҳокама қилинди.
Давлат хизматлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижроси ўз вақтида таъминланмаганлиги аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда салбий таъсир қилаётганлиги, бу эса аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг эътирозларига сабаб бўлаётганлиги танқидий кўрсатиб ўтилди.
Мазкур идоралар раҳбарлари ҳамда масъуллари ўрганишда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари ва хато-камчиликларни эътироф этган ҳолда, қисқа муддатда уларни бартарф этиш ҳамда айбдор ходимларга жавобгарлик чораларини қўллашни маълум қилди.
Муҳокама натижаси бўйича ушбу идоралар масъулларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан берилган саволларга ҳамда соҳада учраётган муаммолар бўйича билдирилган таклифларга атрофлича тушунтиришлар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги