Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда халқаро ISO 9001 сертификати ва СЕ маркировкасига эга бўлган корхоналар яна иккитага кўпайди
2021-06-11 | Сиёсат
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўлими - Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги хамкорлигида VISTA ELECTRONICS GROUP ва MEGA INVEST INDUSTRIAL корхоналарига халқаро мувофиқликни баҳолаш идоралари томонидан тақдим қилинган халқаро ISO 9001 сертификати ва СЕ маркировкаси тантанали равишда топширилди.
ISO 9001 – харидорларнинг юқори сифатли маҳсулот ва хизматлардан фойдаланаётганини кафолатласа, СЕ маркировкаси – маҳсулотга нисбатан қўлланиладиган махсус белги бўлиб, маҳсулот Европа Иттифоқи директиваларининг муҳим талабларига ва уйғунлаштирилган стандартларига мос келишини ва маҳсулотнинг мувофиқликни баҳолаш тартибидан ўтганлигини тасдиқлайди ва маҳсулот истеъмолчиларнинг соғлиғи учун хавфли эмаслигини кўрсатади.
Бугунги кунда бу имкониятни қўлга киритган корхоналар сони 21 тага етди. Тошкент шаҳриги 6 та корхонада бу сертификатлар мавжуд. Йил охиригача уларнинг сонини 23 тага етказиш режалаштирилган.
Қайд этиш керакки, аввал ушбу сертификатларга эга бўлиш учун корхоналар анча қийинчиликларга дуч келишган. Бундан ташқари сертификат учун божни ҳам ўз ёнларидан тўлашган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 826-сон қарори ва молиявий ёрдам кўрсатиш тартибига мувофиқ Халкаро стандартларни жорий қилиш ва мувофиқлик сертификатларини олишда MEGA INVEST INDUSTRIAL ҚК МЧЖга 4000 АҚШ доллари, VISTA ELECTRONICS GROUP ҚК МЧЖга 3800 АҚШ доллари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилди.
Экспортни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни махаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтиришга қаратилаётган катта эътибор ва тадбиркорларга билдирилган бу ишонч самарали бўлишига, Европа бозорларида маҳаллий маҳсулот ва хизмат турларимизга талаб ортишига замин яратишига умид қиламиз.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги