Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Инсон ҳуқуқларини таъминлашда омбудсман ва юридик университет ҳамкорлик қилади
2021-06-11 | Сиёсат
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди ва ушбу меморандум доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қошида “Омбудсман клуби” ташкил этилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолати” мавзусидаги давра суҳбатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори Раҳимжон Ҳакимов юртимизда инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда юридик таълимни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди. – Сўнгги йилларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, унинг ваколатлари кенгайтирилди, – деди давра суҳбатида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова. – Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди. Ҳозир Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар сони ҳам кундан-кунга ортиб бормоқда. Кунига 150-200 та, баъзида ундан ҳам кўп мурожаатлар келиб тушади. Бу бир томондан халқнинг Вакилга нисбатан ишончини билдирса, иккинчи томондан зиммамизга катта масъулият юклайди. Шунинг учун фуқаролар ишончини оқлаш, мурожаатларни ҳал этишда натижадорликка эришиш ҳамда қийноққа қарши курашишда мавжуд имконият ва ресурсларимиздан унумли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо шу билан бирга, малакали юридик кадрларга эҳтиёжимиз ҳам ортиб бормоқда. Чунки биргина мурожаатни ўрганиб чиқиб, давлат идораларига сўров юбориш, ахборот сўраш, Вакил хулосаси ёки тақдимномасини тайёрлаш учун маълум бир вақт ва малака талаб этилади. Шундай экан, юридик университет билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар томонлама самарали бўлади. Мақсадимиз ҳамкорликда ишлаб, талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан боғлаган ҳолда бойитиш, инсон ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда юқори малакага эга бўлажак юристларни етиштиришга кўмаклашишдир.
Тадбирда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг назарий ва амалий тайёргарлиги ўртасида ўзаро алоқани таъминлаш, уларда амалий ишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш, университет талабаларини Омбудсман фаолиятига кенг жалб этиш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман институтининг ваколатлари ва фаолият йўналишлари, қийноқларга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва “Омбудсман клуби” аъзоларининг Вакил фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда мурожаатлар билан ишлашдаги иштироки ҳақида сўз борди.
Омбудсманнинг университетдаги вакили, Суд-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура кафедраси профессори Гулчеҳра Тўлаганова маъруза қилиб, дунё тажрибасида Омбудсман институтининг пайдо бўлиш тарихи, фаолияти, бугунги ҳаётимизда мазкур институтнинг аҳамияти борасида маълумотлар берди. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда ишлаш, мурожаатлар билан ишлашда, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишда қўл келадиган махсус рисола ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш бўйича таклифларини билдирди.
Тошкент давлат юридик университети томонидан таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш, малакали юридик кадрларни тайёрлашнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яқинда инсон ҳуқуқлари бўйича кафедра ташкил этилди. Эндиликда инсон ҳуқуқлари бўйича магистратура йўналишини очиш бўйича музокаралар кетмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар айнан инсон ҳуқуқларини таъминлашда иштирок этадиган юридик кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
“Омбудсман клуби”нинг ташкил этилиши ҳам бу борадаги муҳим қадамлардан бўлди. Ушбу клуб аъзолари дарсдан сўнг Омбудсман институти мутахассисларига бириктирилган ҳолда мурожаатлар билан ишлаш, қабулларда иштирок этиш, жазони ижро этиш муассасаларида ўтказиладиган мониторинг ташрифларини кузатиш каби йўналишларда ўз кўникмаларини оширишлари мумкин. Бу эса, албатта, уларнинг бу йўналишдаги билим ва малакасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Давра суҳбати давомида университетнинг кафедра мудирлари ҳамда профессор-ўқитувчилари, талабалари ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди, саволлар билан мурожаат қилишди. Жумладан, Омбудсман институти ҳамда унинг фаолиятини илмий жиҳатдан ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, хориждаги меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришда ҳамкорлик масалалари ўртага ташланди. Томонлар ҳамкорлик меморандуми доирасида билдирилган ушбу таклифларни амалиётга татбиқ этишга келишиб олишди.
Манба: ЎзА