Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

35 та туманлараро тиббиёт марказлари юқори технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда.

2021-06-11 | Соғлиқни сақлаш

Давлат раҳбарининг топшириғига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлигига травматизм кўрсаткичлари ва шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморлар мурожаатларини чуқур таҳлил қилган ҳолда, йирик автомобил трассаларига яқин жойлашган ҳудудлардаги шошилинч тиббий ёрдам муассасалари таркибида туманлараро қўшма жароҳат ва юрак-қон томир касалликлари бўлимлари ташкил қилиш вазифаси юклатилган эди.

Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чоралар кўриш” лойиҳаси доирасида келтирилган тиббий жиҳозлар.

Мақсад — бутун дунёда, шунингдек, мамлакатимизда ҳам хасталиклар орасида етакчи ўринларни эгаллаб турган юрак-қон томир касалликлари ва шикастланишлар оқибатида юзага келаётган ўлим ва чуқур ногиронлик кўрсаткичларини сезиларли камайтириш. Маълумки, айнан шу икки йўналишдаги касалликларда тиббий ёрдам кўрсатиш муддати (тезкорлиги) ва тўлақонлилиги беморнинг ҳаётини сақлаб қолишда ва ундаги ногиронлик ҳолатларини камайтиришда ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади.

Дарҳақиқат, дунёдаги хавфли хасталиклар рўйхатида юрак-қон томир касалликлари олдинги ўринда туради ва деярли барча мамлакатларда катта ёшдаги одамларнинг асосий ўлим сабабларидан биридир. Ушбу касалликларда рўй берадиган шошилинч вазиятларнинг ўзига хос хусусияти шундаки, улар тўсатдан пайдо бўлади, қийин кечади ва беморнинг ҳаёти кўрсатилаётган биринчи ёрдамнинг тезкорлигига боғлиқ бўлади.

Бундан ташқари, турли хил жароҳатлар олинган пайтда ҳам, айниқса автоҳалокатлар содир бўлганида тез тиббий ёрдамнинг тезкорлиги муҳимдир. Бунда  инсон ҳаётини сақлаб қолиш ва уни ногиронликдан асраб қолишда ҳар бир сония аҳамият касб этади. Ҳар йили дунёда автоҳалокатлар туфайли 250 минг нафардан зиёд киши ҳалок бўлади ва 7 миллион нафар киши жароҳат олади. Масалан, Америка Қўшма Штатларида ҳар 15 дақиқада автоҳалокат содир бўлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, аҳолининг ёшлар қатлами (40 ёшгача)нинг автоҳалокатлардан ўлим даражаси юрак-қон томир, онкологик, сил ва юқумли касалликлардан ўлим даражаси билан бир қаторда олдинги ўринлардан бирини эгаллайди.

Шу сабабдан ҳам,  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли сони ва географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз ҳудудларида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари қошида 35 та туманлараро қўшма жароҳат ва юрак-қон томир касалликлари марказлари ташкил қилинди.

 Қишлоқ ҳудудларида ташкил қилинган ушбу туманлараро марказларда замонавий стандартлар асосида ҳамда юқори технологияларни кенг қўллаган ҳолда ихтисослаштирилган травматологик, нейрохирургик, ангиохирургик (қон-томир хирургияси), кардиологик (жумладан, коронарографик) ёрдам кўрсатилиши кўзда тутилган.

Асосан юқори технологик шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган ушбу туманлараро марказларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш Халқаро Тараққиёт Ассоциацияси иштирокидаги “Шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш” инвестицион дастури доирасида молиялаштирилмоқда. Ушбу дастур эса Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича шошилинч чоралар кўриш” лойиҳаси таркибида бўлиб, ҳозирда ҳарид қилиниши лозим бўлган тиббий жиҳозларнинг асосий қисми юртимизга олиб келинди ва ҳудудларга етказилмоқда.

Айтиш лозимки, ҳар бир марказ кўп кесимли компьютерли тамограф, стационар рентген, мобил рентген аппаратлари, C-arm мобил рентген тизими, стационар ультратовуш аппарати, ПЗР-аппарати, ярим автомат ИФА, виброкаустик аппарат, бронхоскоп, гастрофиброскоп, транспорт ўпка сунъий вентиляцияси ва сунъий нафас бериш аппаратлари, хирургик асбоблар тўплами каби қатор тиббий жиҳозлар билан таъминланмоқда.

Эътиборли жиҳати, пандемия даврида ушбу марказлар ҳудудларда коронавирус инфекциясининг аниқланиши кучайган вақтда беморларни қабул қилиш учун шай ҳолатда бўлиб, бу турдаги касалларни даволаш учун барча жиҳозлар етарли ҳолатга келтирилмоқда. Пандемия хавф солмаган даврда эса бу муассасалар вилоят марказидан олис ҳудудларда, жароҳатланиш ҳолатлари кўп бўладиган халқаро автотрассалар яқинида жойлашгани сабабли юрак-қон томир касалликлари хуружи ва шикастланишлар содир бўлганида вақт йўқотмасдан беморларга тезкор, юқори технологик ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Ушбу марказларда фаолият юритадиган мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишлари ҳам бошлаб юборилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил қилинган 35 та туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни қишлоқ аҳолисига максимал яқинлаштиришга имкон яратади, шошилинч тиббий ёрдамни ўз вақтида ва мукаммал равишда кўрсатиш ҳисобига эса минглаб фуқароларимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга ва уларнинг фаол меҳнат қобилиятини тиклашга ёрдам беради.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Поделиться