Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қирғизистонда «Наманган-Жалолобод» бизнес форуми бўлиб ўтмоқда
2021-06-10 | Сиёсат
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигидаги делегация кеча амалий ташриф билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига борди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматидан хабар қилинишича, бугун мамлакатимиз делегациясини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Сўнгра Наманган вилояти вакиллари Жалолобод вилояти губернатори Абдусаттар Сиргабоев томонидан қабул қилинди.
Мулоқот чоғида икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболлари билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган расмий учрашув чоғида экспорт-импорт масалаларида ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, Наманганга қишлоқ хўжалиги, чорва ва гўшт маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва кўмир етказиб бериш, Жалолобод вилоятига эса тикувчилик ва озиқ-овқат саноатини олиб кириш бўйича истиқболли режаларни амалга ошириш хусусида фикр алмашилди.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида истиқомат қиладиган 1 миллион 238 минг аҳолининг 26 фоизини ўзбек диаспораси ташкил этади. Жалолободда ўзбек тилига ихтисослашган 21 та мактаб фаолият юритмоқда, уларда маҳаллий ҳукумат томонидан зарур шарт-шароитлар яратилган. «Янги тонг» номи билан фаолият олиб бораётган газеата таҳририяти айни вақтда 3 минг ададда чоп этилмоқда.
Наманган делегацияси аъзолари Жалолобод вилоятида яшаб келаётган ватандошларимиз билан учрашди.
Делегация вакиллари Жалолобод губернатори ҳамроҳлигида «Двойняшки» номли қандолатчилик маҳсулотлари фабрикаси иш фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур корхонада юз нафардан ортиқ хотин-қиз доимий иш билан таъминлаган. Ушбу корхона маҳсулотларига ички бозорда талаб жуда юқори.
Наманган вилояти вакиллари «Kelechek» минерал сувлари ишлаб чиқариш, Ўрта Осиё тошни қайта ишлаш, «Mira» савдо белгиси остида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини консерва қилишга ихтисослашган корхоналар фаолияти билан ҳам яқиндан танишганлари баробарида мазкур корхоналар мутасаддилари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашди.
Бундан ташқари, амалий сафар доирасида «Наманган-Жалолобод» бизнес форуми ташкил этилди. Унда ҳар икки вилоят раҳбарлари, чегарадош туманлар ҳокимлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этмоқда.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги