Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Татаристон билан ҳамкорлик ривожланади
2021-06-09 | Сиёсат
8-11 июнь кунлари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов ва Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нажмиддинхўжа Шариповлардан иборат Ўзбекистон делегациясининг Татаристонга хизмат сафари амалга оширилмоқда.
Ташриф давомида икки томон ўртасида инвестиция, савдо-экспорт, уй-жой коммунал хизмат соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида шартнома ва келишувларга эришиш кўзда тутилган.
Ташриф чоғида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов Татаристондаги қувурлар ва қурилиш учун металл конструкцияларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Темпо” холдинг компанияси раҳбарлари билан учрашди. Ўзаро мулоқот давомида томонлар Тошкентда қувурлар учун полипропилен уритан қопламаларини ишлаб чиқарувчи заводни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масаласини муҳокама этдилар.
Шунингдек, Шароф Раҳмонов “Кукмара” компаниясининг раҳбарияти билан ҳам учрашиб, томонлар пойтахтимизда маиший буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйиш истиқболлари борасида фикр алмашдилар.
Таъкидлаш жоиз, ташриф давомида ўзбек делегациясининг Қозон шаҳри мэрияси мутасаддилари билан учрашуви ўтказилиши ҳамда Тошкент ва Қозон ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш масаласи муҳокама этилиши режалаштирилган.
Манба: Тошкент шаҳар ҳокимлиги