Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзсаноатқурилишбанк ва ЕТТБ ўртасида 45 миллион долларлик битимлар имзоланди
2021-06-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 9 июнь куни Ўзсаноатқурилишбанк ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ЕТТБнинг “Яшил иқтисодиётни молиялаштириш механизми” (“Green Economy Financing Facility”) ва “Таваккалчиликларни тақсимлаш механизми” (“Risk Sharing Facility”) дастурларида Ўзсаноатқурилишбанк иштироки бўйича битимларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир ЕТТБ президенти биринчи ўринбосари Юрген Ригтеринк раҳбарлигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.
“Green Economy Financing Facility” (GEFF) бўйича битимга кўра, ЕТТБ хусусий қарз олувчиларни қайта молиялаштириш учун ҳамкор банкларга кредит маблағларни тақдим этмоқда. Ушбу маблағлар ЕТТБнинг яшил иқтисодиётга ўтиш, иссиқхона газлари чиқишини қисқартириш ва энергия самарадорлигини оширишга оид глобал стратегиясига мувофиқ иқлимга таъсирни камайтирувчи лойиҳаларга йўналтирилади.
Хусусан, Ўзсаноатқурилишбанк мижозлари томонидан “яшил банкинг” мезонлари асосида амалга оширилаётган лойиҳалар учун ЕТТБ томонидан 25 млн. АҚШ долларигача бўлган миқдорда кредит линиясини жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, банк олдида қўйилган вазифаларни сифатли бажариш мақсадида GEFF дастури доирасида яшил иқтисодиёт йўналишидаги сифатли лойиҳаларни муваффаққиятли молиялаштириш ва энг мақбул ечимларни таъминлашда Ўзсаноатқурилишбанк ходимларига техник кўмак кўрсатиш учун маҳаллий ва чет эллик экспертларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрдаги “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизнинг 2019-2030 йиллар даврида “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланган. Ҳужжатга мувофиқ, инновацион “яшил” лойиҳа ва инвестициялар, хусусан, “яшил” иқтисодиётга босқичма-босқич ўтишни кўзда тутувчи лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий секторнинг фаоллашувини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон банк тизими вакилларини “яшил” инвестицияларни жалб этиш борасида рағбатлантириш бўйича вазифалар белгилаб берилган.
Қайд этиш лозимки, молиявий кўмакнинг Халқаро молия корпорацияси ҳамда ЕТТБ иштирокидаги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш жараёнида ўзига хос янги импульсга эга бўлган ушбу кўриниши Ўзсаноатқурилишбанк тизимида анча йил аввал Жаҳон банки ҳамкорлигида жорий этилган эди. Бугунги кунга қадар Банк томонидан умумий қиймати 91 млн. АҚШ долларига тенг бўлган 20 та “яшил” лойиҳа молиялаштирилди.
GEFF дастури доирасида жалб этилган янги кредит линияси Ўзсаноатқурилишбанк томонидан кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларидан таркиб топган “яшил банкинг” иштирокчиларига тақдим этилаётган хизматлар доирасини кенгайтиради, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларнинг молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини янада оширади.
Risk Sharing Facility (RSF) дастурининг мақсади мамлакатда ўрта ва кичик тадбиркорликнинг молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини яхшилашдан иборат. Дастур доирасида ЕТТБ Ўзсаноатқурилишбанкнинг ҳар бир тақдим этган мижозлар лойиҳалари билан боғлиқ бўлган рискни паритет принципи (биргаликда молиялаштириш ёки кафолат бериш орқали) асосида 7 йил муддатгача ўз зиммасига олишга тайёр. Бунда ЕТТБнинг дастурдаги максимал иштирок миқдори 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Кредитлаш шартлари Ўзсаноатқурилишбанк томонидан ЕТТБ билан келишилган ҳолда аниқланади. Кредитларни бошқариш ҳамда мониторингини олиб бориш Ўзсаноатқурилишбанк таҳлилчиларининг саъй-ҳаракатлари орқали амалга оширилади. Кредитлаш “Таваккалчиликларни тақсимлаш механизми” дастури кўмагида АҚШ доллари ва еврода тақдим этилади ва шунингдек миллий валютада кредит беришнинг потенциал имкониятларини назарда тутади.
Банкнинг RSF дастуридаги иштироки лойиҳавий молиялаштириш жараёнида рискларни тақсимлаш ҳисобига иқтисодий капиталдан самарали фойдаланиш ва юксак инвестицион рейтингга эга бўлган халқаро молиявий муассаса томонидан ЕТТБнинг кредит гаровларини қабул қилиш, Ўзсаноатқурилишбанк мутахассисларининг кредит таклифларини шакллантириш, молиявий анализ (таҳлил) ва моделлаш, шунингдек, лойиҳаларни мониторинг қилишда рискларни баҳолаш бўйича кўникмаларини ошириш имконини беради.
Тадбир доирасида томонлар Ўзбекистондаги яшил лойиҳаларнинг амалга оширилиш ҳолатини кўриб чиқиш билан бирга, республикада яшил иқтисодиётни молиялаштириш жараёнларини янада ривожлаништириш омиллари ҳамда GEFF ва RSF дастурларининг истиқболларини муҳокама қилишди.
Манба: ЎзА