Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Ўзбекистон — Польша» парламентлараро дўстлик гуруҳи йиғилишида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди
2021-06-09 | Иқтисодиёт
Кеча Ўзбекистон Олий Мажлиси ва Польша Миллий Ассамблеяси Сейми ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн шаклдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Парламент қуйи палатаси маълум қилишича, тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, «Ўзбекистон — Польша» парламентлараро дўстлик гуруҳлари аъзолари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани таъкидланди. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Польша Миллий Ассамблеясининг Сейми билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро дўстлик гуруҳи фаол иштирок этмоқда. Шу асосда парламентлараро мулоқотни чуқурлаштиришга катта эътибор берилмоқда. Қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш бўйича ҳам амалий алоқалар йўлга қўйилмоқда.
Мулоқот чоғида Польша парламенти аъзолари Сейм фаолияти хусусида батафсил маълумот беришди.
- Ўзбекистонлик ҳамкасблар билан очиқлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳида ўтган учрашувлар ўзаро тажриба алмашишга хизмат қилади, - деди «Польша - Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Павел Бейда. - Мулоқотда парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга оид ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Зеро, Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги икки томонлама муносабатлар улкан салоҳиятга эга.
Онлайн тадбирда икки томонлама алоқаларда эришилган муайян натижалар эътироф этилар экан, ҳали бу борада ишга солинмаган имкониятлар кўп эканлиги ҳам қайд этиб ўтилди. Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, манфаатли савдо-иқтисодий, сиёсий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш шулар жумласидандир.
Бинобарин, ўзаро самарали муносабатларни янги босқичга олиб чиқувчи халқаро шартномаларнинг ўз вақтида ратификация қилиниши ҳамда уларнинг ижросини парламент назорат қилиши бу борада катта аҳамият касб этади.
Музокаралар давомида томонлар ўзаро кенг кўламли парламентлараро ҳамкорликни изчил ва янги йўналишларда давом эттириш, икки мамлакат ташаббусларини халқаро миқёсда қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Онлайн музокаралар якунида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги амалий ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашда парламентларнинг ролини кучайтиришга келишиб олинди.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги