Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Янги лойиҳалар бўйича тавсиялар берилди
2021-06-09 | Сиёсат
Президент Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни маданият ва маърифат соҳаларига оид лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Улардан бири – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида бунёд этиладиган замонавий кутубхонадир. Лойиҳага кўра, бу ерда 3 қаватли кутубхона қурилиб, атрофида яшил ҳудуд барпо этилади. Бинонинг биринчи қаватида санъат ва ахборот технологиялари, иккинчи қаватда тарих, филология ва динга тааллуқли, учинчи қаватда ижтимоий фанларга оид адабиётлар жамланади. Ушбу кутубхона адабиёт, илм-фан ва санъатнинг турли йўналишларига оид босма ва электрон нашрлар, электрон ҳужжатлар, жами 1,5 миллиондан ортиқ китоблар фондини қамраб олади.
Давлатимиз раҳбари кутубхонани қуришда шаҳарсозликнинг илғор тажрибаларини қўллаш, келувчиларга қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.
Навбатдаги лойиҳалар ҳам маданият ривожига қаратилган. Жумладан, Урганч шаҳрида Муҳаммад ал-Хоразмийнинг янги ҳайкалини ва унинг атрофида хиёбон барпо этиш режалаштирилган.
Президентнинг 2020 йил 2 декабрдаги қарорига мувофиқ, жорий йилда Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги нишонланади. Ушбу сана муносабати билан Тошкент шаҳрида санъаткор ҳайкалини ўрнатиш белгиланган.
Тақдимотда шу борада Бадиий академия томонидан танлаб олинган ҳайкал эскизлари кўздан кечирилди. Ҳайкаллар ўрнатиладиган хиёбонларни такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти