Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Президентининг Сурхондарёга ташрифи натижаларига кўра, вилоятда 75 мингга яқин доимий ва мавсумий иш ўрни яратилади
2021-06-08 | Сиёсат
Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов журналистлар учун ўтказган брифингда давлатимиз раҳбарининг 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифининг якуний натижаларини шарҳлади
Давлатимиз раҳбарининг икки кунлик расмий ташрифи давомида биринчи навбатда жойлардаги ҳолат билан танишилиб, ижтимоий-иқтисодий вазифалар белгиланди, деди матбуот котиби.
Унинг таъкидлашича, Шерободдаги қуёш электр станцияси ва Термиз туманидаги Халқаро савдо маркази қурилиши бошлангани ташрифнинг энг эътиборли янгиликлари бўлди. Бу икки мажмуа келажакда Сурхондарёда ишлаб чиқариш ва экспорт ривожланишига жуда катта замин яратади.
«Ташрифнинг алоҳида эътиборли жиҳатларидан яна бири – давлат раҳбарининг халқ билан учрашувлари, самимий суҳбатлари, деган бўлар эдим, - дея қайд этди Ш.Асадов. - Гувоҳи бўлганингиздек, муҳтарам Президентимиз Шеробод туманида ҳам, Термизда ҳам хонадонларга кириб, одамлар билан очиқ гаплашдилар».
Ташриф чоғида давлатимиз раҳбари журналистлар билан ҳам бир соатга яқин мулоқот қилдилар. Вақт тиғиз бўлишига қарамай, вилоятдаги муаммолар, уларни ҳал этиш йўллари, режалаштирилган лойиҳалар аҳамиятини батафсил изоҳлаб бердилар.
«Сурхондарё вилояти кўпгина иқтисодий кўрсаткичлар бўйича бошқа ҳудудлардан анча орқада, - дея қўшимча қилди матбуот котиби. - Шу боис вилоят иқтисодиётини оёққа турғазиш мақсадида давлатимиз раҳбари қатор имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирдилар. Хусусан, бу имтиёзлардан бири Бандихон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида янги ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига тегишли. Умуман, бундай имкониятлар натижасида Сурхондарёда турли йўналишларда 75 мингга яқин доимий ва мавсумий иш ўрни яратилади».
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги